Меҳрибон Алиева 56 ёшни қаршилади
Бу қизиқ
−
26 Август 2020
28214Бугун, 26 август куни Озарбайжон Республикасининг биринчи вице-президенти, мамлакат биринчи хоними, давлат ва жамоат арбоби Меҳрибон Алиева 56 ёшни қаршилади.
Меҳрибон Алиева нафақат Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг рафиқаси, балки МДҲ мамлакатлари орасида танилган аёл сиёсатчилардан бири. У давлат фаолиятининг муҳим йўналишларида фаолият олиб боради. Аҳолига кенг кўламли ва манзилли ёрдам лойиҳалари ва дастурларини ташаббускори. Маданий дипломатия ва инсонпарварлик алоқалари бўйича ташқи дунё билан алоқа ўрнатиб боради.
Меҳрибон Алиева 1964 йилда озарбайжонлик таниқли олим, педагог, физика-математика фанлари доктори, профессор Ориф Пашаев ва Озарбайжоннинг биринчи шарқшунослик фанлари (аёл) доктори, филология фанлари доктори, профессор Аида Имонгулиева оиласида дунёга келган.
Озарбайжон давлат тиббиёт институтининг даволаш-профилактика факультетида таҳсил олган. Кейинроқ, Москва тиббиёт институтида ўқишни давом эттирди.
1983 йил ўша вақтда СССР Министрлар кенгаши раиси ўринбосари Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом Алиевга турмушга чиқди. 1988 йилдан 1992 йилгача у Москва кўз касалликлари илмий-тадқиқот институтида фаолият юритди.
Алиева раислигидаги Ҳайдар Алиев жамғармаси мамлакатнинг муҳим жамоат марказига айланган. Бу ерда фуқароларнинг мурожаатлари йиғилиб, одамлар ўз муаммоларига эчим топадилар. Жамғарма бир вақтнинг ўзида нуфузли халқаро ташкилотга айланган. У орқали Озарбайжоннинг кўплаб хорижий шерикларига Бакудан гуманитар ёрдам кўрсатилади.
У интервьюларидан бирида қайнотаси, 1993-2003 йилларда Озарбайжон Президенти бўлган Ҳайдар Алиев ҳақида шундай дейди:
“Ҳаётимнинг катта қисмини замонавий Озарбайжоннинг буюк шахси Ҳайдар Алиевнинг ёнида ўтказганимдан бахтиёрман. Умримнинг охиригача мен шахсияти космик кенгликдаги бу инсонга чексиз ҳурмат, ҳайрат ва муҳаббат ҳиссини сақлаб қоламан.
Куч ва ғайрат, чексиз тафаккур, туганмас ирода, олий ахлоқ ва қадр-қиммат, улкан ватанпарварлик, тона юртга ва халққа муҳаббат... Етиб бўлмас идеал ва ҳаётимдаги асосий устоз эди”.
У мамлакатда жуда юқори обрўга эга. Оддий одамлар унга ишонишади. Миллионлаб озарбайжонликлар унинг ҳалокатли коронавирус таҳдиди олдида бирлашишга чақириғини илиқ кутиб олишди. "Бир-биримизни эҳтиёткорлик билан қўллаб-қувватлашимиз керак. Бағрикенглик ва тушунишни намоён этиш орқали тақдир бошимизга солган даҳшатли синовларга дош бера оламиз ва албатта коронавирус устидан ғалаба қиламиз", дейди биринчи хоним.
Меҳрибон Алиева ўзининг шахсий намунаси билан муҳтожларга ёрдам беришга интилиб, одамларни раҳм-шафқатга чорлайди. Унинг асарлари инсонпарварлик ва одамларга бўлган муҳаббатни ўзида мужассам этган.
Меҳрибон Алиева, шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияси ва кейинги тақдири каби муҳим масалаларни назорат қилади. Бундан ташқари, аҳолининг энг ҳимоясиз қатламлари бўлган шаҳидлар оилалари, қочоқлар ва ногиронлар унинг доимий эътиборида.
Одатда Президентларнинг оиласи, уларнинг муҳаббати ОАВга кўпинча маълум қилинмайди. Бироқ, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Биринчи хоним Меҳрибон Алиев ўртасидаги муҳаббат тилларга тушган. Алиева турмуш ўртоғи ҳақида шундай дейди:
“Турмуш ўртоғим, Президент Илҳом Алиев 16 йилдан бери ўз халқига хизмат қилмоқда. Унинг барча ютуқлари туфайли Озарбайжон бутун дунёда қудратли, муваффақиятли ривожланаётган, ҳурматга сазовор бўлган давлатга айланди. Биз ҳақли равишда ғурурланадиган мамлакат, мустақил Озарбайжон фуқаролари, унинг халқимизга бўлган фидокорона севгиси ва садоқатига асосланади. Унинг асосий вазифаси ҳар доим ва ҳамма жойда Ватанимиз манфаатларини ҳимоя қилишдир.
Ушбу ғоят қийин йўлда у нимадан куч олади? Шубҳасиз, халқининг қўллаб-қувватлаши, ишончи ва муҳаббатидан.
Шунингдек, бизнинг бахтли шахсий ҳаётимиз, оиламиздаги муҳаббат ва ўзаро ҳурмат муҳити ҳам унинг фаолиятида ўзгармас роль ўйнашига ишонаман”.
Президент Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиеванинг уч нафар фарзандлари бор. Улар – Лейла, Орзу ва Ҳайдар. Меҳрибон Алиева фарзандлари бугунгача ота-онасининг бошини эгмаганидан мамнун.
“Мен фарзандларим билан фахрланаман. Биринчидан, улар муносиб одамлар бўлиб етишдилар. Ҳеч қачон уларнинг хатти-ҳаракатлари учун шармандалик ёки умидсизликни бошдан кечирмадик. Лейла, Орзу ва Ҳайдар ўзларининг ишларига жиддий ва масъулият билан ёндашишлари, оилавий анъаналарни ҳурмат қилишлари замирида аниқ ахлоқий кўрсатмалар ва тарбия бор. Фарзандларим меҳрибон ва ғамхўр одамлар эканидан хурсандман. Мен уларга ишонаман, чунки инсонийлик ва раҳм-шафқат ва ҳалоллик ва қадр-қиммат бу ҳаётнинг энг яхши мукофотидир”.
LiveБарчаси