Тошкентда беш юлдузли меҳмонхона ёниб кетди
Жамият
−
16 Октябрь
14516
Аввалроқ, Тошкент шаҳрининг Миробод тумани ҳудудида жойлашган меҳмонхонада ёнғин чиққани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муносабат билдириб, ёнғин ўчирилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 16 октябрь куни соат 17:17 да Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Шаҳрисабз кўчасида жойлашган меҳмонхоналардан бирининг реконструкция қилинаётган биносининг том қисмида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВБга хабар тушган. Шунга кўра, 14 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 17:24 да етиб бориб, ёнғин соат 18:19 да қуршаб олинган ва соат 19:16 да бартараф этилди.
Маълум бўлишича, Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳамда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия ва прокуратура раҳбарияти воқеа жойига етиб борган ва ёнғинни бартараф этиш жараёнини тўлиқ назорат қилган.
“Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмади. Ҳозирда ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”, дейилади хабарда.