МДҲга раислик Тожикистонга ўтди. Имомали Раҳмон нимани ўзгартирмоқчи?
Олам
−
09 Октябрь
93832025 йил 1 январдан МДҲга раислик Россиядан Тожикистонга ўтади, бу қарор кеча, 8 октябрь куни Ҳамдўстлик давлат раҳбарларининг саммитида қабул қилинди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Президент Имомали Раҳмон Москвадаги саммитда сўзга чиқиб, Тожикистоннинг МДҲга раислигининг устувор йўналишларини тақдим этди. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон Республикаси раислигининг асосий устувор йўналишларидан бири Ҳамдўстлик фаолиятини такомиллаштириш масаласи бўйича муҳокамани бошлаш бўлади. Сиёсий жиҳатдан МДҲнинг минтақавий бирлашма сифатида жаҳон миқёсида ижобий имижини ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Шунингдек, у иқтисодий, экологик, маданий-гуманитар масалаларни илгари суришга ҳам алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.
Тожикистон Президенти Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашга жиддий эътибор қаратишини маълум қилди. Парламент ҳамкорлигини ривожлантириш ҳам муҳим устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Имомали Раҳмон хавфсизлик соҳасида хавф ва таҳдидларга қарши курашда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади. У ўз сўзи якунида жорий учрашувда қабул қилинган қарорлар барча соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликка туртки беришига ишонч билдирди.
Россия Президенти Владимир Путин саммитда сўзга чиқиб, Тожикистон раҳбарига мамлакатининг МДҲга раислигида унга ёрдам беришга ваъда берди.
“Россиядан кейин МДҲга раислик 2025 йил 1 январдан тожикистонлик дўстларимизга ўтади. Тожикистон Президенти Имомали Шарипович Раҳмон ва Тожикистондаги барча ҳамкасбларимизга муваффақиятлар тилаб қоламиз. Биз ўз кучимиз билан барча зарур ёрдамни берамиз", деди Путин.
Шунингдек, у МДҲ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик Россия ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
"Биз учун Ҳамдўстлик мамлакатлари энг яқин қўшниларимиз, дўстларимиз, стратегик ҳамкорларимиз ва биз ҳамкорлигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдоримиз. Масалан, жаҳон бозорларидаги ўзгарувчанликка қарамай, Россиянинг МДҲ давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми атиги етти ой ичида ажойиб 7,7 фоизга ўсиб, 63,2 миллиард долларни ташкил этди", деди Россия Федерацияси Президенти.
Москвадаги саммитда қатнашган Беларуслик Александр Лукашенко эса “МДҲ оиласи”ни аввалги таркибига қайтаришни хоҳлашини айтди.
“Агар Грузия бизнинг оиламизга қайтса, Молдова тўлиқ иштирокини тикласа, жуда яхши бўларди, Украина расмийлари ўзларига келишса, нормал ҳаётни тиклашда биз иштирок этишимиз керак бўлади. Бу содир бўлишига тўлиқ ишонаман. Бу вақт масаласи", деди у.
Лукашенко мамлакатлар Ҳамдўстликда бор нарсаларини қадрлаши кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 8 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган 2025–2027 йилларга мўлжалланган дерадикализация соҳасида ҳамкорлик дастурини қабул қилганди.