Мажбурий меҳнатга қарши курашиш учун миллий комиссия тузилади
Жамият
−
31 Июль 2019
4030Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Фармонга мувофиқ одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси (кейинги ўринларда – Миллий комиссия) этиб қайта ташкил қилинади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Фармон билан белгиландики, Миллий комиссия:
а) Миллий комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан;
б) Миллий комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлик қиладиган Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан иборат бўлади.
Қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
• давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
• миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;
• одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;
• одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.
Миллий комиссия бир ой муддатда:
• Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия тўғрисидаги низомни;
• Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия тўғрисидаги низомни;
• 2019-2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлайди.
LiveБарчаси