Майдон кенгайяпти. Ҳиндистон ҳам савдо урушига қўшилди
Олам
−
16 Июнь 2019
8316Ҳиндистон АҚШдан олиб келинадиган 28 турдаги товарга қўшимча бож жорий қилди. Мамлакат Молия вазирлиги томонидан тайёрланган ҳужжат матни “Gazette of India”да эълон қилинди.
Божлар бугун, 16 июнь кунидан кучга киради. Ҳиндистон қўшимча бож жорий қилган маҳсулотлар орасида олма, грек ёнғоғи ва бодом каби америка товарлари бор.
Қўшимча божлар АҚШга 220-290 млн долларлик қўшимча оғирлик бўлади. 2018 йилда расмий Вашингтон Нью-Делига айнан шунча миқдорда қўшимча бож жорий қилганди.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистон ва Туркияни Умумий имтиёзлар тизими доирасида савдо имтиёзларидан маҳрум қилишга қарор қилганлигини билдирганди. Америка етакчисининг изоҳ беришича, қарор Ҳиндистоннинг Қўшма Штатлар учун ўз бозорларига эркин киришни таъминлай олмагани билан шартланган. Туркия эса иқтисодий ўсиш даражаси туфайли имтиёзлардан маҳрум қилинган.
Томонлар ўтган йилдан бир-бирини божлар билан “сийлашни” бошлаганди. Жараён АҚШ Президенти мамлакатга олиб келинаётган барча алюмин ва пўлатга бож жорий қилиши билан бошланган. Ҳиндистон бунга жавобан 30 та америка маҳсулотига қўшимча бож жорий қилишга ваъда берганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Хитой ўртасида савдо уруши борган сари авж оляпти. Ўзаро музокаралар эса ҳеч бир самара бераётгани йўқ. Энди эса АҚШ билан савдо урушига Ҳиндистон ҳам киришиб кетди.
LiveБарчаси