Вилоят ҳокимлари Математика институтининг бўлимларига раҳбар бўлади – Президент
Жамият
−
13 Июнь 2020
6333Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институтини очиб бергани ҳақида хабар берган эдик.
Шавкат Мирзиёев Математика институтини очиб бериш давомида ҳудудларда ҳам унинг бўлимлари ташкил этилиши ва унга шахсан ҳокимларни раҳбар бўлишини айтиб ўтди.
“Шу пайтгача бизда энг катта хато бўлганки, математика бўйича дарсликларга Математика институтининг ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. 1991 йил билан 2020 йилдаги математика соатларини солиштирсак, ер билан осмонча фарқи бор. 30 йил давомида соатни камайтириб-камайтириб, шунга келдикки, математиканинг олий таълимда ҳам устувор эканига ҳам ҳеч қандай эътибор йўқ. Мактабгача таълим, мактаб, олийгоҳ ўртасида узвийлик йўқ эди. Мана шу узвийликни таъминлаш учун биринчи қадамларимиздир. Бу илм фан намояндаларимиз, талабаларимизга туҳфа. Миллий математикани амалга биргаликда жорий қилиш учун замин.
Бу биноларда 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир дақиқасида математика бўйича рақобат муҳитини яратиш керак. Узоқ Қоракўлдаги Халқаро математика мактабини ташкил қилганимиз. Ҳар бир туманда Қоракўлдаги математика мактабимизнинг муҳитини яратсак, Нукус, Самарқанд... бешта ҳудудда математика институтининг бўлимларини очамиз. Вилоят ҳокимлари ҳудудлардаги мана шу бўлимларнинг раҳбари бўлади. Ҳудудлардаги математикага ихтисослаштирилган мактаб директори ҳокимга ёрдамчи бўлади. Тумандаги математика мактабини ҳокимнинг ўзи бошқаради. Нега? Математика билан шуғулланишга ҳаммани ўргатишимиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент математикани ўқитиш бўйича дарсликлар қониқарли эмаслигини айтиб, фанни оддий қилиб чунтираиган дарсликлар устида ишлаш кераклигига урғу берди.
“Математика дастурини тайёрлаган одамлага алоҳида манфаатдорлик борми, мактабда математика муҳитини яратиш бўйича Фанлар академияси Математика институтининг ходимларига қандай имкониятлар яратиш керак? Улар шу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, оддий тилда математикани ўқитишни ўргатиш, айниқса, халқ таълимида. Ҳозирча йўқ бу методика. Шуни амалга ошириш учун бу бино ишлаши керак. Бу ишламагунча ҳудудда тармоқларда фан ривожланмагунча, инновация бўлмайди. Математикадан бошлаганим бежимга эмас, фаннинг энг каттаси шу ўзи. Агар математикадан бошласак, физика ҳам бўлади, биология, геология ҳам бўлади. Агар бу соҳанинг 3-4 йил мукаммал эгаси бўлиб, ишласак, ҳар бир соҳада илм ривожланса, пировард мақсад иқтисодий барқарорлик таъминланади. Шунинг учун, инновация муҳитига заминни яратиб беришимиз керак. У заминни қонуний мустаҳкамлаш керак. Ҳозирги бор математика ўқитувчиларини 3, 6 ойлик, 1 йиллик давлат томонидан қайта тайёрлаш бўйича аниқ таклифлар керак”, деди Президент.
Маълумот учун, институтнинг янги биносида 7 та илмий лаборатория ва “Ёш математиклар” маркази фаолият юритади. Бинонинг шинам қаватларида ахборот-ресурс маркази ва семинар хоналари, академик ва тадқиқотчилар учун кабинетлар, кутубхона, мажлислар зали, ошхона жойлашган. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.