Қозоғистонда маст ҳолда автомобиль бошқарган имом 15 суткага қамалди
Олам
−
25 Июль
30199Қозоғистонда автотранспорт воситасини маст ҳолда бошқарган Қўстанай вилояти Бош имоми Бахитбек Тажимбет 15 суткага қамалди. Бу ҳақда мамлакат Мусулмонлар диний бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 июль куни Бахитбек Тажимбет Оқмўла вилоятининг Бурабай қишлоғидаги тунги клублардан бирининг ёнида Toyota Highlander русумли автомашинани маст ҳолатда ҳайдаб кетаётганда тўхтатиб қолинган.
“Ҳуқуқий нормалар ва одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузган шахслар диний соҳада ишлашдек маънавий ҳуқуқга эга эмас. Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси содир бўлган воқеани катта таассуф билан қабул қилиб, мамлакат мусулмонларидан узр сўрайди. Аллоҳ барчамизни ёмон ва афсусли ишларга етакловчи нафсимиздан сақласин”, дейилган хабарда.
Келтирилишича, мамлакат муфтияти имомнинг қилган иши учун уни лавозимидан четлатиб, барча мусулмонлардан узр сўраган. Суд Тажимбет Бахитбек Нургабиловични Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 608-моддаси (Алкоголли, гиёҳвандлик ва ёки ҳар хил моддалар мастлиги ҳолатида бўлган ҳайдовчи томонидан транспорт воситасини бошқариш, шунингдек, транспорт воситасини бошқаришни алкоголь, гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган шахсга топшириш) 1-қисми билан айбдор деб топган ҳамда унга нисбатан 15 сутка қамоқ ва 7 йилгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ тергов жараёнида имомнинг айби исботлансада, у судда ўз айбини тан олмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Дзержинский шаҳрида граната кўтарган номаълум шахс намозхонага бостириб кириб, уни портлатишга урингани хабар қилинганди.
LiveБарчаси