Маск Трампдан импортга янги божлар киритмасликни сўради
Олам
−
08 Апрель
2545АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари, бизнесмен Илон Маск шахсан АҚШ Президенти Дональд Трампдан божхона сиёсатини қайта кўриб чиқишни ва улкан импорт божларини жорий қилмасликни сўради. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
“Дам олиш кунларида Илон Маск ижтимоий тармоқларда Оқ уй маслаҳатчисини Президентнинг тажовузкор тариф режаси учун танқид қилган кўплаб постларни чиқарар экан, Маск Трампга шахсан мурожаат қилди”, дейилади хабарда.
Икки манба Маскнинг Трампга тўғридан тўғри мурожаат қилганини тасдиқлади, аммо ҳеч қандай натижа бўлмади.
“Яқинда бўлиб ўтган сайловларда Трамп номзодини қўллаб-қувватлаган бизнес ва технология раҳбарлари Президентнинг бундай юқори тарифларни жорий этиш қароридан ҳайратда қолишди ва сиёсатга кўпроқ таъсир ўтказа олмаганидан ҳафсаласи пир бўлди”, дейди WP манбалари.
Трампнинг янги божлари
2 апрель куни Трамп АҚШнинг ташқи савдо ҳамкорларига (рўйхатга жами 185 та давлат киритилган) нисбатан “ўзаро” божлар жорий этилишини маълум қилди. Божларнинг минимал базавий даражаси 10 фоизни ташкил этди, бироқ бир қатор давлатлар учун божлар АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан савдо тақчиллигига қараб индивидуал равишда ҳисоблаб чиқилган. Масалан, Хитой учун божлар 34 фоизни, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоизни ташкил қилади.
7 апрель куни Трамп, агар Пекин Америка товарларига нисбатан 34 фоизлик жавоб божларини бекор қилмаса, АҚШ маъмурияти Хитойга қўшимча 50 фоизлик бож жорий этишини эълон қилди. У бундай мажбуриятлар 9 апрелдан бошлаб кучга кириши ҳақида огоҳлантирди.
Бунга жавобан Хитой Трамп билан савдо урушида охиригача курашишга тайёрлигини билдирди.