Маск давлатдан 38 млрд доллар пул олган – WP
Олам
−
26 Февраль 5999 2 дақиқа
Америкалик тадбиркор ва АҚШ Давлат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари Илон Маск ва унинг компаниялари бир неча йил давомида давлатдан камида 38 миллиард доллар олган. Бу ҳақда “The Washington Post” хабар берди.
“Бир неча йил давомида Маск ва унинг компаниялари давлат шартномалари, кредитлар, субсидиялар ва солиқ имтиёзлари шаклида, одатда муҳим паллаларда камида 38 миллиард доллар олган”, дейилади мақолада.
Нашрнинг ёзишича, бу маблағлар 20 йилдан ортиқ вақт давомида тўланган. Хусусан, нашр ўз манбаларига таяниб, Маск 2008 йилда Tesla компанияси бош директори лавозимини эгаллаганидан сўнг Энергетика вазирлигидан паст фоизли кредит олиш учун қаттиқ курашгани ҳақида ёзади. У компания раҳбарлари билан ҳар куни ҳужжатлар бўйича йиғилишлар ўтказган ва давлат кредитлаш бўйича мутахассиси билан соатлаб мулоқот қилган.
Маълумотларга кўра, 38 миллиард доллар маблағнинг деярли учдан икки қисми Маск компанияларига сўнгги беш йил ичида ажратилган.
“Фақат 2024 йилда федерал ва маҳаллий ҳокимият органлари Маскнинг компанияларига камида 6,3 миллиард доллар ажратган бўлиб, бу ҳозиргача қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир”, деб ёзади WP.
Нашрнинг ёзишича, ажратилган маблағларнинг умумий суммаси бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки таҳлил фақат очиқ манбаларда мавжуд бўлган шартномаларни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабрь ойида SpaceX ва Tesla асосчиси Илон Маск тарихда бойлиги 400 миллиард доллардан ошган биринчи шахс бўлган эди. Маск бойлиги бўйича Amazon асосчиси Жефф Безос ва Meta раҳбари Марк Цукербергдан олдинда бормоқда.
Live
Барчаси