Маск Безосга вақтини жакузида ўтказмасликни маслаҳат берди
Олам
−
17 Декабрь 2021
5719Дунёнинг энг бой одами, SpaceX ва Tesla компаниялари раҳбари Илон Маск дунёнинг иккинчи рақамли миллиардери Amazon асосчиси Жефф Безосга кўпроқ вақтини жакузида эмас, Blue Origin компаниясида ўтказишни маслаҳат берди.
“Мен уни Blue Origin’га кўпроқ вақт ажратишга ундашга ҳаракат қиламан, шунда улар яхши ривожланиши мумкин. Менинг бир дўстим айтганидек, у Blue Origin’да кўпроқ, жакузида эса камроқ вақт ўтказиши керак”, деган тадбиркор “Financial Times” газетасига берган интервьюсида.
SpaceX асосчисининг таъкидлашича, улар кичик нарсаларга нисбатан рақобатчиларидан фарқ қилади.
“У (Безос) муҳандислик тафсилотларини ўрганиш учун ақлий кучини беҳуда сарфлашни хоҳламайди”, деган Маск.
Маълумот ўрнида, “Financial Times” газетаси ва “Time” журнали Илон Маскни “Йил одами” деб топди.
Тадбиркорнинг SpaceX компанияси космик технологияларни ишлаб чиқаради. Ҳозирда компаниянинг асосий фаолияти паст ер орбитасига товарларни етказиб беришдир. Маск 2026 йилгача Марсга одам қўндирмоқчи эканини маълум қилган.
Жефф Безос эса Blue Origin компаниясига 2000 йилда асос солган. Компания томонидан ишлаб чиқилган “New Shepard” ракетасининг биринчи муваффақиятли учирилиши 2015 йилда бўлиб ўтган. Жорий йил июль ойида компания бортида йўловчилар бўлган космик кемани учирган.