Машинанинг “пробег”ини ўзгартириб сотганлар жазоланади

Жамият

image

Ўзбекистонда автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичларини ўзгартирилганлик ёки алмаштирилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда бугун, 18 май куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонунда сўз боради.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор принципиал ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, автомобиль бозоридаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида кодекс янги 178-2-модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилганлиги ёки алмаштирилганлиги ҳақида харидорни хабардор этмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

“Бу норма истеъмолчиларнинг товар ҳақида ҳаққоний ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган бўлиб, иккиламчи автомобиль бозоридаги ноҳалол амалиётларга чек қўяди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, транспорт воситаси сотилгунга қадар харидорни транспорт воситасининг босиб ўтган йўлини қайд этувчи одометр қурилмасининг кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометр қурилмасининг ўзи алмаштирилгани тўғрисида хабардор қилмаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (4,12 млн сўмдан 6,18 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

автомобиль автотранспорт пробег одометр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг