Машҳур рэпер намойишда қатнашгани учун қамалди
Маданият-санъат
−
11 Июль 2023
6741Эронлик рэпер Тумаж Солиҳий ўтган йили мамлакатда авж олган намойишларда қатнашгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Aljazeera” хабар берди.
Суд ҳумки 10 июль куни эълон қилинган. Унга кўра рэпер 6 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Гап шундаки, Солиҳий ўтган кузда Эроннинг ахлоқ полицияси томонидан мамлакатнинг ёпиқ кийиниш қоидаларини бузганликда айбланиб, ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлимидан сўнг минглаб ёш эронликлар қаторида намойишга чиққан. Бунинг учун у ўтган йил октябрь ойида ҳибсга олинган.
Бундан ташқари, 33 ёшли рэпер интернетда кенг тарқалган қўшиқ ва клипларда Эрон ҳукуматини танқид қилган.
“Кимнингдир жинояти унинг сочлари билан шамолда рақсга тушаётган эди”, деган у видеолардан бирида Аминига ишора қилиб. Бу видео YouTube'да 450 000 дан ортиқ кўрилган.
Рэпер ҳибсга олинганидан сўнг давлат ОАВлари унинг кўзлари боғланган ва сўзлари учун кечирим сўрагани акс этган видеони тарқатди. Ҳуқуқ ташкилотларининг айтишича, Эрон мунтазам равишда маҳбусларни ёлғон иқрор бўлишлари учун қийноққа солади.
Эрондаги тартибсизликларни яқиндан кузатган инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, норозилик намойишларидан сўнг расмийлар қатнашчиларга қаттиқ босим ўтказган, унда 500 га яқин одам ҳалок бўлди ва 20 000 га яқин киши ҳибсга олинди. Расмийлар ҳибсга олинганларнинг аксарияти озод қилингани ёки жазо муддати қисқартирилганини айтди.
Маҳса Амини вафоти ва намойишлар
2022 йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Амини пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, у вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳуманинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилган. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора берди.
Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.
Теҳронда Эрон ахлоқ полицияси томонидан Ислом Республикасининг қаттиқ кийиниш қоидаларини бузгани учун ҳибсга олинганидан кейин комага тушиб, вафот этди.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15