Марокашда 50 йил ичида илк бор қор ёғди (видео)
Олам
−
02 Январь
7997Марокашда 50 йил ичида биринчи марта қор ёғди. Бу ҳақда “Maghreb Arabe Press” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг марказий, жануби-шарқий ва жанубий ҳудудларидаги бир қанча вилоятларда совуқ об-ҳаво кузатилиб, қор ва кучли ёмғир ёққан. Қалин қор қатлами айрим жойларда 35-40 см баландликка етган. Азилаль, Бени-Меллаль, Ифрон, Мидельт, Тарудант, Тингҳир, Уарзазат ва Эл-Ҳаоуз вилоятларидаги кенг ҳудудларни қор қоплаган. Айрим жойларда ҳаво ҳарорати -5 даражагача тушган.
“Қорни севувчи туристлар ва сураткашлар Таргудант, Тингҳир, Уарзазат, Фигиг ва бошқа вилоятлардаги воҳалар ўртасида жойлашган қорга бурканган хурмо боғларини томоша қилиш учун келди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқими Ўрта Атлас тоғларида ҳам кузатилмоқда. Бу ҳудудда қишки об-ҳаво ва қорда дам олишни ёқтирувчи туристлар орасида вулқон кратерида жойлашган Мишлиффен чанғи базаси ва Ҳибри тоғи машҳур. Ифрон ва Азру курорт шаҳарчаларидаги меҳмонхоналар тўлиб кетган. Уларнинг атрофидаги кедр ва қарағай ўрмонлари, тоза ҳавоси ва тоғ кўллари манзараси ўзининг бетакрорлиги билан танилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Африкада икки метргача қор ёғган эди ва бу Африка учун экстремал ҳолат сифатида баҳоланган. Йоханнесбург ва Дурбан каби текислик ҳудудларида (денгиз сатҳидан 100 метргача баланд шаҳарлар) тунги минимум ҳаво ҳароратлари 4-9 даражагача пастлаган. Автомагистраль йўллар энг кўп қор билан қопланган, йўллар музлаган.
LiveБарчаси