Марказий осиёлик шахс Россияда теракт содир этишга уринганда ушланди (видео)
Олам
−
03 август 4591 2 дақиқа
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Ставрополь ўлкасидаги Пятигорск шаҳри прокуратураси биноси яқинида содир этилиши режалаштирилган терактнинг олди олинганини маълум қилди. Идорага кўра, мазкур иш юзасидан Марказий Осиё давлатларидан бири фуқароси ушланган. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
ФХХ Жамоатчилик билан алоқалар маркази маълумотига кўра, 2001 йилда туғилган гумонланувчи Россияда тақиқланган халқаро террорчилик ташкилоти тарафдори бўлган. Идоранинг билдиришича, у Сурияда бўлган ташкилот вакили кўрсатмаси ва мувофиқлаштируви остида Пятигорск прокуратураси биноси яқинида бомбани масофадан туриб портлатишни режалаштирган.
ФХХнинг маълум қилишича, гумонланувчи ҳудудни ўрганган, қўлбола портловчи қурилма тайёрлаш учун зарур бўлган таркибий қисмлар ва моддаларни сотиб олган. Идорага кўра, терактдан кейин у Сурияга бориб, террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирган.
Тинтув вақтида ундан қўлбола портловчи қурилма ясаш учун мўлжалланган таркибий қисмлар, кимёвий моддалар ва зарар етказувчи элементлар мусодара қилинган. Билдирилишича, ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг террорчилик актини содир этишга тайёргарлик кўриш моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.
ФХХ, шунингдек, Россия қонунчилигига мувофиқ, теракт тайёрлашда иштирок этган шахс ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни огоҳлантириш ёки бошқа йўл билан терактнинг олди олинишига кўмаклашса, унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлигини эслатган. Идора, шунингдек, жиноятни ихтиёрий равишда охирига етказишдан воз кечган шахс ҳам қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилмаслигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Telegram орқали террористик гуруҳ сафига қўшилишга даъват қилинган, бироқ бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган ўзбекистонликка нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.
Live
Барчаси