Марказий Осиёдаги тинчликка таҳдид солувчи омил нима экани айтилди
Олам
−
14 Февраль
13503Афғонистонда ИШИД террорчилик ташкилоти жангарилари сони 6,5 минг нафарга етди. Бу ҳақда 13 февраль, сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Бирлашган штаб бошлиғи Анатолий Сидоров маълум қилди.
“Ҳозирги вақтда ИШИДнинг афғон бўлимидаги террорчилари сони сезиларли даражада ошди ва 6,5 мингга яқин жангарини ташкил этади. Улардан 4 минг нафари Тожикистоннинг жанубий чегараларида, Бадахшон, Қундуз ва Тоҳар вилоятларида тўпланган”, деган у.
Сидоровга кўра, Марказий Осиё минтақасида барқарорликка асосий таҳдид Афғонистонда мустаҳкам ўрнашиб олган кўплаб экстремистик гуруҳлардан келиб чиқади. Энг катта хавф ИШИД ва “Ал-Қоида” томонидан бўлиб турибди”, дея қўшимча қилган у.
Бундан ташқари, “Толибон” раҳбариятининг миллий ва диний озчиликларга зулм қилиш сиёсати, унинг ичида бирдамликнинг йўқлиги ва қарама-қаршиликларнинг кучайиши, иқтисодий вазиятнинг таназзулга учраши ва гуманитар муаммоларнинг кескинлашуви минтақадаги вазиятнинг беқарорлашишига хизмат қилаётгани таъкидланган.
Сидоров, шунингдек, назорациз гиёҳванд моддалар савдоси ва қуролларнинг ноқонуний тарқатилиши юқоридаги омиллар билан биргаликда Афғонистоннинг фуқаролар урушига қайтиш эҳтимолини оширишини башорат қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “The Washington Post” нашри Афғонистон ИШИД учун асосий марказга айлангани ҳақида маълум қилган эди.
LiveБарчаси