Марказий Осиёда ресурслар бўйича можаролар эҳтимоли кучайди – КХШТ 

Олам

image

Марказий Осиё мамлакатларида ҳудуд ва сув каби ресурслар учун можаролар юзага келиши эҳтимоли ортиб бормоқда.  Бу ҳақда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Бош котиби Имангали Тасмагамбетов “Миллий мудофаа” журнали бош муҳаррири Игорь Коротченкога берган интервьюсида айтиб ўтди.

"Таҳдидлар доираси тез суръатлар билан кенгайиб бормоқда. Агар биз глобал миқёсдаги муаммоларни суҳбатимиз доирасидан ташқарида қолдириб, алоҳида минтақавий муаммоларга эътибор қаратадиган бўлсак, биринчи навбатда, ресурслар устидаги низолар таҳдидини кўрсатишимиз керак. Бундан ташқари, ҳудуд ресурслар сифатида ҳам муҳим роль ўйнайди”, дейди Тасмагамбетов.

Бош котибнинг айтишича, КХШТ айтиб ўтилган таҳдидларни зарарсизлантириш учун реал салоҳиятга эга.

“Бундан ташқари, бу салоҳият кучаяди ва ташкилотнинг ўзининг Евроосиёдаги жозибадорлиги ошади, деб ишониш учун барча асослар бор”, дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, Бош котиб ахборот хавфсизлиги муаммоси КХШТ масъулият соҳасида ўзига хос ўлчов олишига эътибор қаратди.

“Ушбу соҳада тартибга солишнинг йўқлиги ташқи субъектлар томонидан ўз геосиёсий манфаатлари йўлида жамоатчилик онгини кенг кўламли манипуляция қилиш хавфини туғдиради”, дейди Тасмагамбетов.

Унинг сўзларига кўра, КХШТ таҳлилчиларининг қайд этилган таҳдидларни аниқлаб, баҳолагани, шунингдек, аъзо давлатларнинг ҳукумат даражасидаги яқин ўзаро ҳамкорлиги ташкилот узоқ вақтдан бери тегишли муаммоларга ечим топиш устида иш олиб бораётганидан далолат беради.

"Бундан ташқари, КХШТ тажрибаси бизга ушбу таҳдидларни зарарсизлантириш бўйича услубий ёндашувларни ишлаб чиқиш платформасини шакллантириш, шунингдек, мавжуд қарама-қаршиликларни абадий йўқ қиладиган муқобил ресурс базасини яратиш имконини беради. Бу ерда бир қанча йўналишлар бор – сиёсий ва дипломатик, жумладан, КХШТ Парламент Ассамблеяси каби муҳим тузилманинг иши, ахборот-таҳлилий, воситачилик фаолияти ва бошқалар", дея давом этди ташкилот Бош котиби.

Маълумот учун, ҳозирда КХШТга Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон киради.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мамлакат КХШТдаги иштирокини амалда музлатиб қўйганини айтган эди. У КХШТ Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можарога муносабатини ойдинлаштирмаса, Ереван ташкилотни тарк этиши ҳақида огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё КХШТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг