Марказий Осиё президентлари Остонада учрашадиган бўляпти
Олам
−
17 Май
7788Жорий йилнинг 9 август куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матбуот хизмати минтақа давлатлари хавфсизлик кенгашлари котиблари билан учрашуви якунлари бўйича маълум қилди.
Учрашув кеча, 16 май куни бўлиб ўтган. Унда Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби Гизат Нурдаулетов, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода, Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Туркманистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳарбий атташеси Аннамират Яғмиров иштирок этди.
Қозоғистон Президенти 2024 йилда раис сифатида мамлакат саммит салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб бораётганини айтган.
“Давлат раҳбари бугунги учрашув 9 август куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи эканини айтган”, дейилади хабарда.
Тўқаев Қозоғистон “Марказий Осиё – 2040” минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиққанини урғулаган. Ҳужжат минтақавий яқинлашувнинг устувор йўналишлари, биринчи навбатда, беш томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва Марказий Осиёнинг халқаро субъективлигини мустаҳкамлашга қаратилган.
“Ишончим комилки, Остонадаги саммит давомида ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши минтақа учун концептуал аҳамиятга эга бўлади. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусияти XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш бўйича Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномада мустаҳкамлаб қўйилган. Бу стратегик ҳамкорликни кейинги босқичга олиб чиқади. Ўйлайманки, Остонадаги саммитнинг асосий натижаларидан бири бу барчамиз учун тарихий келишувни имзолаш тартиб-таомилининг якунланиши ва унинг кучга кириши бўлиши мумкин. Беш томонлама форматимизни янада институционал такомиллаштириш долзарблигича қолмоқда”, деган Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг сўнгги маслаҳат учрашуви ўтган йилнинг 14 сентябрь куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган эди. Унда меҳмон сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам қатнашган.
LiveБарчаси