Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Жамият

image

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви бугун, 14 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қайд этилишича, иқтисодиётдаги инфляцион жараёнлар бироз секинлашишига қарамасдан, айрим маҳсулотлар нархларига босим сақланиб қолмоқда. Жумладан, август ойида инфляцион кутилмаларнинг ҳам ўсиши кузатилган.

Шунга қарамай, электр ва газ тарифларининг аҳоли учун ўзгаришсиз қолдирилиши сабабли инфляцияга ушбу гуруҳдан бирламчи таъсирлар бўлмайди. Бизнес субъектлари учун тарифлар оширилишининг иккиламчи таъсирлари инфляциянинг прогноз кўрсаткичларида инобатга олинган доирада бўлиши кутилмоқда.

Регуляторга кўра, амалдаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилиши даромадларнинг ўсиши таъсирида юзага келган ялпи талаб босимини ва инфляцияни оширувчи омилларни пасайтириш орқали инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришишга хизмат қилади.

“Ёз ойлари бошидаги маълум пасайишдан сўнг август ойида йиллик инфляция 9 фоизга тенг бўлди. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари гуруҳларида инфляциянинг деярли ўзгармагани шароитида хизматлар соҳасида нархлар ўсишининг 8,2 фоиздан 8,5 фоизгача тезлашиши инфляция ошишининг омилларидан бўлди. Базавий инфляция кутилганидан кўра секинроқ суръатда пасайиб, йиллик 10,7 фоизни ташкил этди. Айни пайтда базавий инфляциянинг пасаювчи тенденцияси барқарор тус олмоқда”, дейилади Марказий банк баёнотида.

Шунга қарамай, аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари тренд йўналишини ўзгартириб, 14,2 фоизгача ортган. Тадбиркорлик субъектларининг кутилмаларида ҳам ўхшаш тенденция кузатилиб, 14,4 фоизга тенг бўлган. Респондентлар томонидан кутилмалар ўсишининг асосий омиллари сифатида валюта курси ўзгариши, ёнилғи ва энергия нархларининг ошиши каби омиллар таъкидланган.

Глобал инфляция эса асосан, энергия ресурслари ва хомашёлар нархларининг барқарорлашуви таъсирида секинлашмоқда. Шу билан бирга, кўплаб мамлакатларда базавий инфляция сезиларли даражада юқори ва барқарор бўлиб қолмоқда. Меҳнат бозоридаги қатъийлик иш ҳақлари ошишига сабаб бўлиб, хизматлар соҳасида доимий инфляцион босимни юзага келтираётгани айтилган.

Марказий банк савдо ҳамкорлардаги иқтисодий вазият валюта курсларидаги девальвацион жараёнлар ва хомашёлар нархлари динамикаси таъсирида шаклланаётганини қайд этган. Сўм алмашув курсининг август ойидаги тўғриланиши реал самарали алмашув курсида ҳам акс этиб, узоқ муддатли трендига қараб оға бошлаган.
 
Сўнгги статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларидаги кўрсатилаётган хизматлар, саноат ишлаб чиқариш ва чакана савдо ҳажмида барқарор ўсиш кузатилган.

Январь-август ойларида эса кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони 7,7 фоизга ошган. Иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг йиллик 1,3 баробарга ўсиши ҳам иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлиб қолмоқда.

Нақд пул тушумларининг умумий ҳажми январь-август ойларида 30,4 фоизга, савдо ва пулли хизматлардан тушумлар 27,7 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2021 йил кўрсаткичларига нисбатан сезиларли ўсишни сақлаган ҳолда юқори база эффекти ҳисобига тескари тенденцияни намоён этиб, ўтган йилга нисбатан 32,4 фоизга пасайган.

“Марказий банк асосий ставкасининг ўзгаришсиз қолиши ва унинг пул бозорига трансмиссияси, қисқа муддатли ликвидлик нархининг реал ҳисобда 3−4 фоизлик ижобий даражада шаклланишига ва шу орқали “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитларини таъминлашга хизмат қилмоқда”, дейилади регуляторнинг изоҳида.
Айтилишича, август ойида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,7 фоизни, юридик шахсларники эса 17,1 фоизни ташкил этган.

Натижада 1 сентябрь ҳолатига кўра, миллий валютадаги муддатли депозитларнинг йиллик ўсиши 48,3 фоизга, шу жумладан, аҳоли омонатлари бўйича 53,5 фоизга тенг бўлган.

Марказий банк жорий ички ва ташқи иқтисодий шароитларни ҳисобга олиб, йил якунига қадар инфляция даражаси 8,5−9,5 фоизлик прогноз коридори доирасида бўлишини билдирган.

“Асосий ставканинг жорий даражада ўзгаришсиз қолдирилиши, инфляциянинг йил якунига қадар прогноз доирасида шаклланиши учун зарур бўлган шароитларни яратиб боради ва нархларга монетар омилларнинг таъсирини олдини олиш учун зарурий чора ҳисобланади. Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини баҳолашда давом этади. Кўрилаётган чора-тадбирлар инфляциянинг прогноз коридори доирасида шаклланишини таъминлашга қаратилади”, дейилади баёнотда.

Айни пайтда фискал рағбатлантиришлар, даромадлар ва чакана кредитларнинг ўсиши таъсирида ялпи талабнинг янада ошиши прогноз даврида нархларни оширувчи омил сифатида қаралмоқда.

Шунингдек, Марказий банк чакана кредитлаш йўналишларида аҳолига ажратилаётган кредитлар ўсиш кўрсаткичларининг юқори бўлаётгани ушбу сегментда қарз юки ва ички талабга таъсири нуқтаи назаридан хавотирларни кучайтираётганини маълум қилган.

Акобир Сайидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон Марказий банк ставка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг