Марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг олий ордени унинг қизига топширилди
Жамият
−
30 Август 2023
13114Бугун, 30 август куни марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг қизи Президент Шавкат Мирзиёевдан отаси учун берилган “Олий даражали Имом Бухорий” орденини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Айтиш жоиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Президентининг Фармони билан шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган эди. Фармонда шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг “ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакат ва минтақада ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини одамларга безавол етказишдаги хизматлари, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги юксак хизматлари учун” мазкур мукофот билан тақдирлангани маълум қилинган.
Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 1908-1982 йилларда яшаган. У Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси иккинчи раиси, бешта республика муфтийси (1957-1982) бўлган. Унинг хотирасини абадийлаштириш, хотирасини ёш авлодларга етказиш мақсадида Тошкент шаҳридаги масжид ва кўчага шайхнинг номи берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўғли, шайх номидаги масжид имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Юсуф Кўксаройда Президент Шавкат Мирзиёевдан отаси учун берилган “Олий Даражали Имом Бухорий” орденини қабул қилиб олган эди.
LiveБарчаси