Мансабдорларга қўшимча харажатларни камайтириш буюрилди

Жамият

image

Ўзбекистонда мансабдорларга хизмат автомобиллари, қимматбаҳо юмшоқ мебеллар ва офис жиҳозлари учун сарфланадиган қўшимча харажатларни камайтириш буюрилди. Бу ҳақда Президентнинг 2024 йил 25 декабрь куни имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида сўз боради.

Унга кўра, биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2025 йилда “тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш” тамойили асосида бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича барча зарурий чораларни кўради.

Бунда Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети тақчиллиги чекланган миқдорининг ошиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан қўшимча харажатлар фақат қўшимча даромад манбаи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга оширилади.

Қуйидагилар бўйича таклифлар киритиш тақиқланади:

  • республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бошқарув ходимлари иш ҳақи миқдорларини ошириш (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ошириш бундан мустасно);

  • Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан хизмат автомобиллари (махсус автотранспорт воситалари бундан мустасно), қимматбаҳо юмшоқ мебеллар ва офис жиҳозлари (таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида фойдаланиладиганлардан ташқари) харид қилиш;

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан хизмат автомобиллари (махсус автотранспорт воситалари бундан мустасно), қимматбаҳо юмшоқ мебеллар ва офис жиҳозлари фақатгина Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда харид қилинади.

Бюджет ташкилотларининг 2025 йил учун харажатлар сметасини тузиш жараёнида мебель ва офис жиҳозлари ҳамда товар-моддий захираларини харид қилиш харажатлари миқдорини 2024 йилга нисбатан 10 фоизга камайтирган ҳолда (мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасаларидан ташқари) режалаштирилади.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қуйидагилар қатъиян тақиқланди:

  • бюджет харажатлари параметрларини шакллантиришда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сотиб олиш, шунингдек, коммунал хизматлар харажатлари учун маблағ етишмовчилигига йўл қўйиш;

  • маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан норматив-ҳуқуқий асоси бўлмаган қўшимча штат бирликларини сақлаш;

  • молиялаштириш манбайи аниқ бўлмаган тадбирларни амалга ошириш.

2025 йил 1 январдан туман (шаҳар) бюджетларидан маблағ билан таъминланадиган соғлиқни сақлаш муассасаларини сақлаш харажатлари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятларнинг бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг бюджетидан молиялаштиришга ўтказилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлат бюджети хизмат автомобиллари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг