Малайзиялик сайёҳлар Умра зиёратини Самарқанд ва Бухоро орқали амалга оширишади
Жамият
−
18 Июнь 2020
8025Самарқанд ва Бухоро малайзиялик туристлар учун Ўзбекистон орқали Умра зиёратини амалга ошириш масканларига айланиши мумкин. Бу ҳақда “Парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва Малайзия тажрибаси” мавзуида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа форматидаги парламент форумида сўз борган.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Моҳд Рашид бин Ҳасан иштирок этди.
Саидовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиёдаги асосий ва узоқ муддатли ҳамкорлардан бири бўлган Малайзия билан икки томонлама мулоқотни фаол ҳамда жадал ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратиб келмоқда.
Моҳд Ҳасан Малайзия ва Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга эканлигини эътироф этар экан, мамлакатимизга ташрифи давомида ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айниқса, бутун дунёга машҳур ва ислом зиёратгоҳлари сифатида тан олинадиган Самарқанду Бухоро малайзиялик туристлар учун жозибали жойларга, хусусан, Ўзбекистон орқали Умра зиёратини амалга ошириш масканларига айланиши мумкин.
Видеоконференция чоғида “Ўзбекистон — Малайзия” дўстлик гуруҳи раҳбари Шарофиддин Назаров ҳам сўзга чиқди. Унинг айтишича, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий-маърифий, сиёсий муносабатларни ўрнатишда дўстлик гуруҳи муҳим роль ўйнайди. Минтақада савдо алоқалари, туризм соҳаси, рақамли иқтисодиётни равнақ топтириш, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат ишбилармонлик доираларининг “B2B” учрашувларини ташкил этиш шулар жумласидандир.
“Айни чоғда парламент аъзолари ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатни шакллантиришга хизмат қиляпти. Парламентлараро дипломатия эса энди-энди ривожланмоқда, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Аммо дўстлик гуруҳи аъзолари ўзаро келишувлар, халқаро декларацияларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришлари лозим”, дейди “Малайзия — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи аъзоси Панг Хок Лионг.
Суҳбат давомида икки тарафлама ҳамкорликда эришилган натижалар қаторида парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, фойдали савдо-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар ришталарни йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашилган.
Томонлар коронавирус тарқалиши, уни дунё иқтисодиётига таъсири, Ўзбекистон ва Малайзияда ушбу касалликка қарши курашиш йўлида қабул қилинаётган чора-тадбирлар каби масалаларни ҳам муҳокама қилишди. “Тождор душман”ни чекинтириш, пандемиянинг, жумладан, икки давлат савдо-иқтисодий муносабатларига кўрсатадиган салбий оқибатларини бартараф этишда парламентлар аъзолари ролига тўхталиб ўтилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь