Депутат ҳақми ё вазир? “Юксалиш” мактабларни очиш масаласида қонунда нима дейилганини эслатди

Жамият

image

Айни вақтларда жамоатчилик ва ижтимоий тармоқларда мактабларни очиш керакми, бунга ким ҳақлироқ экани юзасидан муҳокамалар давом этяпти. Шундай мунозаралардан бирида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўртасида юз берди.

Депутат мактабларни очиш Маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ваколати эканини айтиб, вазирни масъулиятдан қочишда айблади. Ўз навбатида Шерматов мактабларни очиш ваколати Маҳаллий кенгашларга у томонидан эмас, Президент томонидан берилганини айтиб, жавоб қайтарди.

Вазиятни кузатиб турган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мактабларни очиш ваколати кимла тегишли экани ҳақида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатларни айтиб ўтди.

Биринчидан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ваколатлари сифатида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриш, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этиш белгиланган.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва амалга оширади. Яъни вилоят (туман, шаҳар) маъмурияти раҳбарлари ҳудудларда санитария-эпидемиологик осойишталикни, аҳолининг саломатлигига хавф солмайдиган шароитни, шу жумладан болаларнинг мактабда таълим олишини таъминлашга масъул.

Иккинчидан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига киради. 

“Бинобарин, сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи маҳаллий Кенгаш депутатлари сессияларда соғлиқни сақлаш вилоят бошқармаси раҳбарининг ҳудуддаги санитария-эпидемиологик вазият, мактаблардаги таълим жараёнида хавфсиз шароитлар билан таъминлаш соҳасида мавжуд имкониятлар ва муаммолар ҳақидаги ҳисоботини эшитишга ҳақли. Эшитув натижаларига кўра депутатлар мактабларни очишга рухсат бериш керак ёки керак эмаслиги бўйича қарор қабул қила олади”, дейилади ҳаракат изоҳида.

Учинчидан, 2017 йил 8 сентябрдаги Президент Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ, республика давлат бошқаруви органлари ваколатларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, вилоятдан туман (шаҳар) давлат ҳокимияти органларига ўтказишни назарда тутган ҳолда, давлат бошқарувини босқичма-босқич номарказлаштириш ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, айниқса, халқ депутатлари Кенгашларининг ижро этувчи ҳокимият органлари ҳудудий бўлинмалари фаолиятини назорат қилиш бўйича роли ва масъулиятини ошириш кўзда тутилган.

“Таъкидлаш керак, жойларда ҳақиқий ҳолатни ўрганиш учун Халқ таълими вазири бошчилигида вазирликнинг махсус штаби ҳам ташкил қилинган. Штаб аъзолари айни пайтда ҳудудларни кезиб чиқмоқда. Бироқ уларга республикамиз харитасидаги ҳар бир нуқтани қамраб олиш учун имконият ва вақт қанчалик етарли? Коронавирус пандемиясидек фавқулодда вазиятда ҳудудларда мавжуд ҳолат ва тафсилотларни ҳисобга олиб жойида қарор қабул қилиш муҳимдир ва ушбу ҳолатларда депутатлар етакчи роль ўйнаши мумкин. Бунда, албатта, жамоатчилик билан маслаҳатлашиш зарур. Маҳаллий кенгаш депутатларининг, аҳоли фикрини ўрганиб, кўпчиликнинг розилигини олиб бамаслаҳат қарор чиқариши салбий оқибатларнинг, шу жумладан фуқаролар норозилигининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга”, дегаан “Юксалиш” бу вазиятда Маҳаллий кенгаш депутатларининг роли муҳимлигини таъкидлаб.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 329 та мактабда 7 сентябрь куни ўқув йили бошланди. Қолган умумий ўрта таълим мактаблари 14 сентябрдан босқичма-босқич лчидиши кутиляпти. Масофадан ўқувчи болалар учун телевизион дарслар ҳам шу кундан бошланади.

 


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг