Мактаб ўқувчилари учун янги имтиҳон тизими жорий этилиши мумкин
Ўзбекистон
−
11:31 460 2 дақиқа
Ўзбекистонда 4-, 7-, 9- ва 11-синф ўқувчилари учун янги баҳолаш ва имтиҳон тизими жорий этилиши мумкин. Таклиф этилаётган тартиб бўйича жамоатчилик фикри ўрганилмоқда. Бу ҳақда Таълим ва илм-фан вазирлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, таклиф этилаётган янги тизим мактаб ўқувчиларининг билимини баҳолаш ва имтиҳон олиш тартибини ўзгартиришни назарда тутади. Унга кўра, 4-, 7-, 9- ва 11-синфларда ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари турли шаклларда текширилади. Бунда айрим синфлардаги баҳолаш натижалари тавсиявий хусусиятга эга бўлса, юқори синфлардаги имтиҳонлар ўқувчиларнинг кейинги таълим босқичини танлашида ҳисобга олинади.
Хусусан, 4-синф ўқувчилари ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича диагностик тестлардан ўтказилади. Ушбу тестлар болаларнинг мазкур фанлар бўйича билим даражасини аниқлашга қаратилган. Бироқ тест натижалари асосида ўқувчиларга баҳо қўйилмайди ва уларнинг кейинги синфга ўтишига таъсир кўрсатмайди.
7-синфда эса ўқувчиларнинг касбий қизиқишлари ҳамда мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлашга қаратилган диагностика ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу орқали уларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ўрганиш кўзда тутилган. Диагностика натижалари фақат тавсиявий хусусиятга эга бўлади.
9-синфда асосий давлат имтиҳонини ўтказиш режалаштирилган. Унинг натижалари ўқувчиларнинг шаҳодатномасига баҳо сифатида киритилади. Шунингдек, ушбу натижалар академик лицей ёки техникумга ўқишга киришда ҳисобга олинади. Бироқ янги тартиб ўқувчиларнинг 9-синфни тамомлагандан кейин мактабда қолиб, 10-синфда ўқишни давом эттириш ҳуқуқини чекламайди.
11-синф битирувчилари учун эса ягона давлат имтиҳонини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур имтиҳон мактабни битириш учун якуний синов бўлиши билан бирга, олий таълим муассасалари ёки техникумларга ўқишга киришда ҳам умумий имтиҳон вазифасини бажариши кўзда тутилган.
Режага кўра, янги баҳолаш ва имтиҳон тизими дастлаб 2027–2028 ўқув йили якунида Тошкент шаҳри ҳамда Навоий вилоятида тажриба-синов тариқасида жорий этилади. Ушбу ҳудудларда ўтказиладиган синов натижалари ўқувчиларнинг таълим муассасаларига ўқишга киришига таъсир қилмайди. 2028–2029 ўқув йили якунидан бошлаб эса янги тартибни мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирча мазкур тизим таклиф босқичида бўлиб, вазирлик унинг юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганмоқда.
Live
Барчаси