Максим Шацких “Пахтакор” бош мураббийи бўлди

Спорт 7787
image

Максим Шацких "Пахтакор" асосий жамоаси бош мураббийи ўлароқ иш бошлади. Бу ҳақда клуб Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, бугун, 15 июль куни "Пахтакор" футбол клуби ва Максим Шацких ўртасида уч йиллик шартномага имзо чекилган. 

“Валерий Лобановский сингари мутахассис қўл остида "Динамо" Киевда ўйнаган Шацких замонавий футбол билимларини яхши ўзлаштирган. У катта клубда академиядан асосий таркибгача бўлган йўлни иқтидорларнинг тизим асосида босиб ўтишига ёрдамлашган, ёш ва юқори салоҳиятли футболчиларни тажрибали ўйинчилар билан уйғунлаштирган ҳолда ишлашни яхши ўзлаштирган. Максим Александрович "Пахтакор" билан кўплаб ғалабаларга эришади деб умид қиламиз. Уч йиллик шартнома муддати ҳам клубимизнинг Шацких билан режалари улканлигини кўрсатади”, дейилади клуб хабарида.

Маълумот учун, Шацких футбол билан шуғулланишни "Пахтакор" футбол мактабида бошлаган, профессионал фаолиятида Киевнинг "Динамо" клубидаги ажойиб ва сермаҳсул ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган. 

У мураббийлик фаолиятини ҳам ушбу клубда бошлаган. Академия жамоаларидан кейин асосий жамоа мураббийлар штабида фаолият юритган. Кейинчалик Россиянинг "Ротор" клубида ишлади. Июнь ойидан бери у "Пахтакор"да спорт директори сифатида ишлаб келаётган эди. 

Шунингдек, жисмоний тайёргарлик мураббийи сифатида украиналик Виталий Шпанюк таклиф этилган. 51 ёшли мутахассис фаолияти давомида Украинанинг "Кремень", "Арсенал", "Славутич", "Карпати", "Львов", "Ворскла" ва ЛНЗ, Россиянинг "Анжи", "Ротор", Грузиянинг "Динамо" Тбилиси клубларида ишлаган. Шунингдек, уч ярим йил давомида Украина миллий терма жамоасида ишлаган.

Шацкихга ёрдамчи сифатида Вячеслав Беляев ишлайди. У Украинанинг "Таврия", "Металлист", Грузиянинг "Динамо" (Тбилиси) ва Россиянинг "Ротор" клубларида фаолият юритган. Маҳаллий мутахассислардан Денис Иванков (дарвозабонлар мураббийи), Камолиддин Тожиев (ёрдамчи) ва Юрий Сиянов (жисмоний тайёргарлик) Шацкихга ёрдам беришда давом этишади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 224
Рейтинг: 3
t
×