Макронни президентликдан четлатишмоқчи
Олам
−
18 Сентябрь
8172Франция Миллий ассамблеяси (парламент қуйи палатаси) бюроси мамлакат Президенти Эммануэль Макронга нисбатан импичмент жараёнини бошлаш бўйича резолюция лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда “La Perisien” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Миллий уюшма бюроси Эммануэль Макронни ҳокимиятдан четлатиш тартибини маъқуллаган.
Макронни ҳокимиятдан четлатиш таклифини “Енгилмас Франция” сўл партияси илгари сурган. Эндиликда парламент қуйи палатасининг олий коллегиал органи бўлган Миллий уюшма бюросида 22 нафар аъзодан 12 нафари сўл партия вакиллари бўлиб, хабар қилинганидек, резолюцияни қабул қилиш учун улардан 12 нафари овоз берган.
Нашрга кўра, Макрон парламент сайловларида уларнинг коалицияси ғалаба қозонганига қарамай, ҳукумат тузилишида сўлларнинг иштирокини рад этганидан кейин “Енгилмас Франция” ўз ташаббуси билан чиққан.
“Макронни четлатиш осон бўлмайди. Резолюция лойиҳасини 73 нафар депутатдан иборат қонунчилик комиссияси қабул қилиши керак. Бироқ у ерда сўллар кўпчиликни ташкил этмайди – улар бор-йўғи 24 ўринга эга. Кейинчалик, Миллий ассамблеянинг учдан икки қисми лойиҳа бўйича овоз бериши лозим. Шундан сўнг лойиҳа Сенатда (парламентнинг юқори палатаси) тасдиқланиши керак, сўллар бу ерда ҳам камчиликни ташкил қилади”, дейилади хабарда.
Агар резолюция ушбу босқичдан ўтса, парламентнинг ҳар икки палатаси умумий йиғилиш ўтказади. Мазкур резолюцияни 925 нафар депутатдан камида 617 нафари қўллаб-қувватласа, Макрон зудлик билан президентлик лавозимини тарк этиши керак бўлади.
LiveБарчаси