Макрон Путинни “Фахрий легион” орденидан маҳрум қилиши мумкин
Олам
−
10 Февраль 2023
7112Франция Президенти Эммануэль Макрон Россия етакчиси Владимир Путинни “Фахрий легион”нинг Буюк хоч ритсарлари унвонидан маҳрум қилиши мумкин. Бу ҳақда “Le Point” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Макрон бугун, 10 февраль куни Брюсселда Европа Иттифоқи саммити якунланганидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида Путинни орденга мансубликдан маҳрум қилиш “рамзий, аммо муҳим масала” эканини айтган.
“Мен учун ҳеч қандай тақиқлар йўқ, лекин мен ҳали бундай қарорга келмадим. Бу каби қарорлар ҳар доим маънога тўла ва менимча, биз уларни қабул қилиш учун тўғри вақтни топишимиз керак”, деган Франция раҳбари.
Маълумот учун, Путин Франциянинг энг олий мукофоти – “Фахрий легион”нинг Буюк хочи орденини 2006 йилда олган. Уни Россия раҳбарига Франция собиқ Президенти Жак Ширак совға қилган. Бу орден 1802 йилда Франция императори Наполеон Бонапарт томонидан аҳоли ва ҳарбий хизматчиларни тинчлик ва уруш давридаги халқ олдидаги хизматлари эвазига мукофотлаш учун таъсис этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Парижга ташрифи чоғида Макрон томонидан “Фахрий легион” ордени билан тақдирланган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси