Макрон Қозоғистонда ҳурматига мос кутиб олинди (фото)
Олам
−
01 Ноябрь 2023
16937Бугун, 1 ноябрь куни Қозоғистонга келган Франция Президенти Эммануэль Макрон Президент қароргоҳи – Оқордада Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан қаршиланди.
Музокаралар олдидан Франция Президентини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Қосим-Жомарт Тўқаев ва Эммануэль Макрон делегациялар аъзоларини бир-бирлари билан таништирган.
Фахрий қоровул ротаси раҳбари икки давлат раҳбарларини ташриф билан қутлаган, Қозоғистон ва Франция давлат мадҳиялари янграган.
Маросимдан сўнг Президентлар ўртасида яккама-якка учрашув бошланган.
Қозоғистон раҳбари Франция Европа Иттифоқидаги асосий ва ишончли ҳамкор экани, шунингдек, Қозоғистон иқтисодиётига энг йирик инвесторлардан бири эканини қайд этган.
Ўз навбатида Эммануэль Макрон Қозоғистон ва Франция муносабатларини юқори баҳолаган.
“Жаноб Президент, таклифингиз учун катта раҳмат. Бугун Остонага келиб, сизлар билан учрашганимдан жуда хурсандман. Икки томонлама ҳамкорлигимиз учун муҳим йилга тўғри келган ушбу ташрифни ташкил этганингиз учун ташаккур. Биз муҳим халқаро мавзуларда олдинга силжишимиз, БМТ Низоми, ҳудудий яхлитлик, миллий суверенитет каби тамойилларга содиқлигимизни таъкидлашимиз мумкин. Икки томонлама муҳим масалаларни ҳам муҳокама қилишимиз мумкин. Биз муҳим иқтисодий шерикмиз. Бундан ташқари, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ва иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим шартномаларни имзолашимизни қайд этмоқчиман. Яна бир бор таъкидлаб ўтишга ижозат бергайсиз, бугун сиз билан учрашиб, қўшма кун тартибимизни муҳокама қилишдан жуда мамнунман”, дейди Франция Президенти.
Икки давлат раҳбарлари Қозоғистон-Франция стратегик шериклигининг ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилган. Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, сармоявий, энергетика, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Қосим-Жомарт Тўқаев ва Эммануэль Макрон халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Музокара якунлангач, давлат раҳбарлари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокараларни давом эттирган.