Макрон Навальная билан учрашди
Олам
−
01 Июнь
11950Россиядаги қамоқхонада вафот этган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная кеча, 31 май куни Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашди. Бу ҳақда унинг ўзи бугун, 1 июнь куни Instagram'даги саҳифасида маълум қилди.
Унинг ёзишича, муҳокама мавзуларидан бири Россиядаги сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ вазият бўлган.
“Франциянинг Путин ва унинг диктатурасига қарши курашда Россияда ва ундан ташқарида фуқаролик жамиятига қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида гаплашдик. Мен ундан (Эммануэль Макрон) миннатдорман, у Россияда урушга қарши бўлганлар кўп экани, улар ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож эканини тушунади”, деб ёзган Навальная.
Мухолифатдаги сиёсатчининг бевасининг сўзларига кўра, у Франция давлати раҳбари билан эри ҳақида ҳам гаплашган.
"Бу яхши, узоқ ва жуда шахсий суҳбат бўлди", деб хулоса қилди Юлия Навальная.
“Коммерсант” газетасининг ёзишича, учрашувда Алексей Навальнийнинг иттифоқчиси, Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси тергов бўлими раҳбари Мария Певчих ҳам иштирок этган.
Франция Президенти Юлия Навальнаяни қабул қилган Елисей саройи матбуот хизмати хабарига кўра, Эммануэль Макрон “Навалний хотираси, коррупцияга қарши ҳамда сўз эркинлиги учун курашган жасоратига ҳурмат бажо келтирган”.
Шунингдек, у Юлия Навальная билан Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси фаолиятини муҳокама қилди ва Франция барча ҳуқуқ ҳимоячиларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
Навальний 16 февраль куни Ямало-Нанец автоном округидаги Харп қишлоғидаги 3-сонли "Қутб бўриси" колониясида вафот этганидан сўнг, Юлия Навальная унинг ишини давом эттиришини айтди. Макрон билан учрашув унинг сўнгги ойларда Ғарб мамлакатлари давлат раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари билан ўтказган учрашувлари сериясининг биринчиси эмас.
28 май куни у Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски билан, 15 апрель куни эса Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон билан учрашди. Алексей Навалний вафотидан кўп ўтмай, 2024 йил февраль ойида АҚШ Президенти Жо Байден Сан-Францискода унинг беваси Юлия ва қизи Дария билан учрашган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь