Макрон фавқулодда Миллий мудофаа кенгашини чақирди

Олам 15565
image

Франция Миллий мудофаа кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши Президент Эммануэль Макроннинг ташаббуси билан эртага, 30 октябрь куни бўлиб ўтади. Бунга бугун, 29 октябрь куни Ницца шаҳрида содир бўлган қотиллик сабаб бўлган.  Бу ҳақда Франция Бош вазири Жан Кастекс мамлакат парламентининг қуйи палатасидаги чиқишида маълум қилди.  

"Республика ҳудудида қилинган шафқатсиз ҳужумлар муносабати билан Президент эртага эрталаб Миллий мудофаа кенгашини чақиради", дейди у. Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, ҳозирги вазиятда расмийлар бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтиради. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 октябрь куни Ницца шаҳридаги Нотр-Дам номли маҳаллий собор ёнида пичоқ билан қуролланган киши одамларга ҳужум қилди. Оқибатда уч киши қурбон бўлди. Улар орасида черков руҳонийси ҳам бор.  Қурол билан тажовуз қилган шахс қўлга олинган. 

Воқеани текширишга Франциянинг Миллий аксилтеррор прокуратураси жалб қилинди. Ницца ҳужумидан икки соат ўтгач, яна бир тажовузкор Авиньон коммунасида кўчадан ўтаётганларни пичоқ билан қўрқитди ва полиция патрулига ҳужум қилмоқчи бўлди. Шу пайтда қуролланган шахс полиция томонидан отиб ўлдирилди. 

Бундан ташқари, бугун Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида маҳаллий аҳоли Франция консуллиги қўриқчисига пичоқ билан ҳужум қилган. Полиция ҳужум қилган шахсни жиноят жойида ҳибсга олган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни Париж яқинидаги Конфлан-Сент-Онорин комуннасида тарих фани ўқитувчиси дарсда ўқувчиларга буюк пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.)нинг "Charlie Hebdo" журналида чоп этилган карикатурасини кўрсатган боис қотиллик қурбони бўлганди. Чеченистонда туғилган 18 ёшли Абдулак Анзоров ўқитувчи Самюэль Патига пичоқ билан ҳужум қилиб, унинг бошини танасидан жудо қилади. Орадан кўп ўтмай, полиция қотилни отиб ташлайди. Ушбу воқеа Макроннинг Ислом оламига қарши баёнотлар билан чиқиши ва мамлакатда сўз эркинлигини қўллаб-қувватлашига сабаб бўлди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 660
Рейтинг: 2.9
t
×