Макрон билан кўришган ўзбекистонлик мураббий боксчиларнинг имкониятини юқори баҳолади
Спорт
−
23 Июль
13892Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Франциянинг Нанси шаҳридаги машғулотларни якунлаб, ҳозирда Парижда Олимпиада баҳслари учун адаптация жараёнларини ўтказмоқда. Бу ҳақда терма жамоа мураббийи Фаррух Қиличев QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
“Нансидаги икки ҳафталик машғулотимиз тугади. Боксчилар баҳсларга аъло даражада тайёргарлик кўрди. 5 йилдан буён мана шу жамоага мураббийлик қиляпман. Бунгача ҳеч қачон болалар бугунгидек яхши формада бўлмаган. Адаптация яхши ўтмоқда. Олимпиадага тайёрмиз. Бу ерда осон рақиб бўлмайди. Насиб этса, бокс баҳсларида энг кўп олтин медални олиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритамиз”, дейди мураббий.
Шунингдек, Фаррух Қиличев Париждаги тушлик вақтида Франция Президенти Эммануэль Макрон билан тасодифан учрашиб қолганини билдириб, у билан нима ҳақида суҳбатлашганини ҳам айтди.
“У билан кўришганимда биринчи навбатда расмга тушишни таклиф қилдим. Макрон мендан қаердан келганлигимни сўради. Ўзбекистондан келдим, деб жавоб қайтарганимда, у менга яқиндагина Самарқандда бўлиб қайтганини айтди. Расмга тушиб бўлгач унга француз тилида раҳмат дедим, у эса бизга Олимпиадада омад тилади”, дейди Фаррух Қиличев.
Маълумот учун, Париж Олимпиадасида бокс баҳслари 27 июлда бошланади. Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси тўлиқ таркибда медаллар учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машҳур Америка нашри Ўзбекистон делегацияси Олимпиадада нечта медалга эга чиқишини тахмин қилганди.