Махсус бинолар қурилиши чўзилиб кетгани сабаб, Парламент Пўлат Бобожоновга сўров юборди

Жамият

image

Навоий, Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида махсус қабулхоналар қурилиши бугунги кунгача ниҳоясига етказилмагани сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга Парламент сўрови юборди.

Маълумки, қонунчилик амалиётида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунлар, давлат дастурлари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган муҳим масалалар юзасидан парламент сўрови юбориш тартиби мавжуд.

Қайд этилишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 11 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Шунингдек, бир нечта вазирлик, жумладан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга парламент сўровлари юборилди.

Гап шундаки, 2017 йил 9 январда қабул қилинган "Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги Қонунга асосан мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ой ўтгач кучга кириши белгиланган эди. Бунинг сабаби маъмурий қамоқ ўташ муддати белгиланган шахслар сақланадиган маъмурий қамоқ биноларини қуриб битказиш талаб этиларди. Тошкент шаҳрида (150 ўринли), Тошкент, Фарғона, Бухоро, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида (75 ўринли) ҳамда Андижон ва Жиззах вилоятларида (60 ўринли) махсус қабулхона бинолари қуриб битказилди холос.

Айрим вилоятларда, хусусан, Навоий, Сирдарё, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида махсус қабулхоналар қурилиши бугунги кунга ҳам ниҳоясига етказилмаган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга Қонунчилик палатасининг қарори билан "Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида" парламент сўрови юборилди.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Пўлат Бобожонов Парламент

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг