Мағлубият Ўзбекистон фойдасига ишлаши мумкин – Алишер Никимбаев
Спорт
−
15 Ноябрь
48182Жаҳон чемпионати саралаши 5-тури доирасидан ўрин олган Қатар-Ўзбекистон ўйинида учралган мағлубият словениялик мураббий Сречко Катанецнинг принципларини ўзгаришига туртки бўлиши мумкин. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз Telegram саҳифасида маълум қилди.
“Жамоамиз кеча мағлуб бўлиши, ғалаба қозониши ёки дуранг ўйнаши мумкин бўлган ўйинда мағлуб бўлди. Якунда дуранг натижага лойиқ кўринди, аммо дурангни сақлаб қолишнинг иложи бўлмади. Қатар ва КХДРга қарши баҳслардан дуранг кутаётганимни ёзганимда, прогнозим кўпчиликка ёқмаганди. Жамоа Лаосда КХДРни мағлуб этиб, мен тахминларимни йўққа чиқариш имкониятига эга”, дейди Никимбаев.
Шунингдек, мутахассис Қатардан учралган мағлубият Сречко Катанецнинг ўз принциплари ҳақида бош қотиришига сабаб бўлишини билдирди.
“Аслида, бу мағлубият жамоага ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу АҚШга чипталарни бронь қилишни бошлаганларни бироз ўйлаб кўришга ундаши эҳтимоли бор. Мағлубият Катанецни ўз принципларининг камида бир қисмини қайта кўриб чиқишга мажбур қилиши мумкин. Аммо ижобий таъсир ишлаши учун бир нарсани тушуниш керак: асосий душманингизни кўриш учун сиз ойнага қарашингиз керак. Сиз хатони бошқалардан эмас, ўзингиздан излашингиз керак”, дейди мутахассис.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Шимолий Кореяга қарши ўйинни ўтказиб юбориши хабар қилинганди.
У Қатар билан баҳсда жароҳат олиб, 21-дақиқада захирага олинди.