МАГАТЭ Запорожье АЭСдаги текширув бўйича ҳисоботни эълон қилди

Олам

image

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) Украинанинг ядровий объектлари ва, хусусан, Запорожье АЭСидаги текширув натижаларини сарҳисоб қилди. Бугун, 6 сентябрь куни агентлик веб-сайтида эълон қилинган ҳисоботда ташкилот жанглар натижасида юзага келадиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун ЗАЭС атрофида хавфсизлик зонасини яратишга чақирди. 

Агентлик маълумотларига кўра, Украинанинг қолган учта атом электр станциялари – Ровно, Хмельницкий ва Жанубий Украина АЭСлари нормал ишлашда давом этмоқда. 

МАГАТЭ ҳисоботининг асосий тезислари

Хавфсизлик зонаси

МАГАТЭ Запорожье АЭС атрофида зудлик билан хавфсизлик зонани ташкил этишга чақирди. Агентлик ушбу масала бўйича маслаҳатлашувларни зудлик билан бошлашга тайёр, чунки бундай ҳаракат ҳарбий ҳаракатлар оқибатида юзага келиши мумкин бўлган “ядровий ҳодиса”нинг олдини олади. 

Станциянинг нормал ишлаши учун МАГАТЭ хавфсиз коридорларни, шу жумладан барча зарур нарсаларни етказиб беришни ҳам таклиф қилмоқда. 

Хавфсизлик хавф остида

МАГАТЭ инспекторлари станциядаги жисмоний зиённи қайд этиб, объектдаги ядровий авариянинг олдини олиш чораларини кўришга чақирди. 

Агентлик атом электр станцияларида ядровий хавфсизлик тамойилларини бузган "қатор ҳодисалар"ни эълон қилди, хусусан, зарарнинг бир қисми энергия блоклари бинолари яқинида аниқланган. МАГАТЭ ЗАЭС ва унга туташ ҳудудларни ўққа тутишни зудлик билан тўхтатишни, шунингдек, электр таъминоти линияларига зарар етказиши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлардан воз кечишни тавсия қилади. 

Бундан ташқари, халқаро ташкилот Запорожье АЭСига станциянинг совутиш тизими ва бир қатор бошқа қурилмаларнинг ишлаши учун зарур бўлган захира электр таъминоти линиясини тиклаш зарур, деб ҳисоблайди. 

Иш хавфсизлиги

МАГАТЭ можаро иштирокчиларига ЗАЭС ходимларининг нормал ишлаши, дам олиши ва ўқитилишини таъминлашни, шунингдек, завод ишчиларининг халқаро органлар билан алоқа каналларини иш тартибида сақлашни тавсия қилади. Агентлик бу борада ёрдам беришга тайёр. 

Станция ишчилари содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар сценарийларини ишлаб чиқишлари керак. 

МАГАТЭ Россия кучлари ходимларни ҳимоя қилиш ва станция хавфсизлигини ўз зиммасига олганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, 30 август куни МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бошчилигидаги миссия Киевга етиб борганди. 31 август куни эрталаб эса МАГАТЭ миссияси карвони Киевдан чиқиб, Энергодардаги ЗАЭС томон йўл олган. 1 сентябрь куни экспертлар ўз ишини бошлаган.

Маълумот ўрнида, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

МАГАТЭ

Баҳолаганлар

280

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг