Мадуро Пуэрто-Рикони Бразилия ёрдамида АҚШдан “озод қилмоқчи”
Олам
−
13 Январь
3138Венесуэла Президенти Николас Мадуро Халқаро фашизмга қарши фестивалнинг ёпилиш маросимида Пуэрто-Рикони деколонизация қилиш ва ҳудудни америкаликлардан озод этишни талаб қилди. Бу ҳақда “El Universal” хабар берди.
“Шимолда улар колонизация дастурига эга бўлса, бизда озодлик дастури бор. Бизнинг дастуримиз Симон Боливар томонидан ёзилган. Пуэрто-Рико озодлиги яқинлашмоқда ва биз бунга Бразилия қўшинлари ёрдамида эришамиз”, деди Мадуро.
Шунингдек, у 80 йил аввал фашизмга қарши кураш учун шакллантирилгани каби жаҳон антифашистик иттифоқини яратишга чақирган. Бундан ташқари, Мадуро инаугурацияси муносабати билан Португалиянинг Лиссабон шаҳрида жойлашган Венесуэла бош консуллигига номаълум шахслар ҳужум уюштиргани хабар қилинган.
Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка кўра, 1898 йилдан бери Пуэрто-Рико на суверен давлат, на АҚШ штати ҳисобланади, бироқ АҚШ ҳудуди саналади. Бу уларни қўшма штатлик фуқароларнинг айрим имтиёзлари билан таъминлайди, лекин мамлакат сайловларида овоз бериш ҳуқуқини бермайди. Жорий йилнинг ноябрь ойида Пуэрто-Рико ороли мақоми бўйича референдумда аҳолининг кўпчилиги АҚШ таркибига штат мақомида қўшилиш тарафдори эканини билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Николас Мадуронинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 25 миллион доллар мукофот эълон қилган эди. Вашингтон Мадуронинг ўтган йилги сайловлардаги ғалабасини тан олмайди, мухолифат эса сайловдаги йирик фирибгарлик далилларини тақдим этди. Венесуэла Ички ишлар вазири Диосдадо Кабельо ва Мудофаа вазири Владимир Падринонинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумотлар учун ҳам катта пул мукофотлари эълон қилинган.
LiveБарчаси