Мадуро Қатарга кўчиб ўтиши мумкин

Олам

image

АҚШ раҳбарияти Венесуэла Президенти Николас Мадурони мамлакатдаги инқирозни бартараф этиш мақсадида Қатарга жойлаштириш эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда “The New York Post” хабар берди. 

Нашр манбаларига кўра, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Мадурони айнан Қатарга кўчириш масаласини кўриб чиқишни таклиф этган. Венесуэла атрофидаги вазият бўйича Қатар воситачилик алоқаларида иштирок этаётгани учун маъмуриятнинг айрим вакиллари бу таклифни “аниқ амалга ошиши мумкин бўлган” сценарий сифатида баҳоламоқда.

АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳарбий кампания бошлаши ҳақида бир неча ҳафтадан буён гап кетмоқда. Америка ҳарбий кемалари узоқ вақт давомида Венесуэла ҳудудий сувлари яқинида турибди. Вашингтон буни наркокартелларга қарши курашиш ва АҚШга гиёҳванд моддалар кириб келишини олдини олиш билан изоҳлаб келади.

“Буни қилаётган ва уни бизнинг мамлакатимизда сотаётган ҳар қандай одам ҳужумга учрайди”, деган Трамп. 

Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Трамп Венесуэла устидаги ҳаво макони “тўлиқ ёпилган” деб эълон қилди, аммо тафсилотларни келтирмади.

21 ноябрь куни АҚШнинг бир неча ой давом этган босими ортидан Трамп ва Мадуро ўртасида 15 дақиқа телефон суҳбат бўлиб ўтган. Унда Трамп Мадуруга бир ҳафта ичида мамлакатни тарк этиб, оиласи билан исталган жойга бориш бўйича ультиматум қўйган.

Хабарга кўра, Мадуро катта муросаларга тайёр бўлган. У агар ўзи ва яқинларига тўлиқ ҳуқуқий амнистия берилса, мамлакатни тарк этишга рози бўлган. 

Трамп Мадуронинг аксарият талабларини рад этган ва унга қочиш учун бир ҳафта вақт борлигини билдирган. Ультиматум муддати 28 ноябрь куни тугаган. Мадуро эса мамлакатни тарк этмаган ва ўз лавозимида қолишда давом этмоқда. 

Август ойида АҚШ Мадурони ҳибсга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 50 миллион доллар мукофот эълон қилган эди. Трамп уни қонуний президент деб тан олмайди ва сайлов натижаларини сохталаштирилган деб ҳисоблайди.

АҚШнинг ҳарбий босими кучайган бир пайтда, Мадуро Россия, Хитой ва Эронни Венесуэла мудофаасини мустаҳкамлашга чақирган. 

ОАВ маълумотига кўра, Мадуронинг Владимир Путинга ёзган хатида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш – Су-30 қирувчиларини таъмирлашдан тортиб радарлар ва тегишли ракеталарни етказиб бериш бўйича ёрдам сўралган.

22 октябрь куни Россия Венесуэла билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова бу қарорни шарҳлаб, Москва Каракас билан яқин алоқада эканини ва “мавжуд ҳамда потенциал таҳдидларни ҳисобга олиб”, Венесуэланинг мурожаатларига жавоб беришда давом этишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп америкалик ҳарбийлар Венесуэлада қуруқликдаги операцияни бошлашга ҳозирлик кўраётганини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Венесуэла Николас Мадуро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг