Мадриддаги Украина элчихонасида портлаш юз берди
Олам
−
30 Ноябрь 2022
7537Украинанинг Испания пойтахти Мадриддаги элчихонасида портлаш юз берди. Оқибатда дипломатик миссия ходимлари енгил жароҳат олди. “Reuters” агентлиги испан полициясига таяниб, жароҳатланганлар шифохонага ётқизилганини маълум қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, портлаш элчихона яқинида содир бўлган. Шу билан бирга, маҳаллий “La Vanguardia” нашри портлаш дипломатик миссиянинг ўзида юз берганини хабар қилди.
ОАВ хабарларига кўра, портловчи қурилма элчихонага юборилган хат солинган конвертда бўлган. “Efe” агентлиги манбалари мактуб элчи номига ёзилганини, бироқ уни дипломатик ваколатхона ҳудудидаги ходимлардан бири очганини даъво қилмоқда.
Мадрид полициясига маҳаллий вақт билан соат 13:00 (Тошкент вақти билан 17:00) атрофида Украина элчихонасида ёнғин чиққани ҳақида хабар келган. Элчихона ҳудуди ўраб олинган. Воқеа жойига сапёрлар етиб борган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Олег Николенко Мадриддаги элчихонага конверт келиб тушганини, текширув вақтида у комендант қўлида портлаб кетганини айтди. Жабрланувчи енгил тан жароҳати олган. Воқеадан сўнг бутун дунё бўйлаб Украина элчихоналарида хавфсизлик кучайтирилган.
LiveБарчаси