Маданият вазирлиги санъаткорларнинг тўй ўтказишига аралашолмаслигини айтиб чиқди

Маданият-санъат

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев Маданият вазирлигига санъаткорлар масаласида Сенат сўрови юборилганини маълум қилган эди. Унда санъаткорларнинг тўйлардаги иштироки ва карантин даврида 30 кишидан ошган тўйларни ўтказаётгани ва бу масалада Маданият вазирлиги қўл қовуштириб, томошабин бўлиб тургани айтилганди. Вазирлик собиқ вазир, сенатор Бахтиёр Сайфуллаевнинг сўровига нисбатан расмий муносабат билдирди. Унда алоҳида урғуланишича, вазирлик ваколатлари чегарасини яхши билади ва санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашмайди. 

“Жаҳонда ва юртимизда ҳукм сураётган пандемия шароитида ҳар бир давлат маълум даражада карантин чораларини қўлламоқда. Жумладан, юртимизда ҳам тегишли вазирлик ва идоралар, Республика махсус комиссияси қарорига биноан, карантин даврида юртдошларимиз амал қилишлари шарт бўлган қоидалар аниқ белгилаб берилган. Ушбу қоидаларни бузган шахсларга тегишли тартибда чора кўриш ваколатли органларга юклатилган.

Сўнгги пайтларда айрим санъаткорларнинг тўй ва тадбирларда карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари афсуски учраб турибди. Шу муносабат билан, жамоатчилик томонидан, Маданият вазирлиги нега буни назорат қилмаяпти, қабилидаги саволлар, мурожаатлар келиб тушмоқда. Албатта, Маданият вазирлиги ушбу хатти-ҳаракатларни маъқулламайди ва карантин қоидалари истисносиз ҳар бир шахс учун мажбурийлигини, уни бузганларга қатъий чора кўрилишини қўллаб-қувватлайди.

Бироқ, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Уларнинг шахсий ҳаётини назорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Маданият вазирлиги ҳам санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас. Вазирликнинг низом билан тасдиқланган фаолият чегаралари мавжуд бўлиб, ундан ташқарига чиқиш қонунан мумкин эмас. Шахснинг жамиятдаги хатоси ёки жинояти учун чора кўришга масъул бўлган органлар қонуннинг барча учун баробарлиги тамойилига асосланган ҳолда фаолият олиб борадилар”, дейилади Маданият вазирлиги баёнотида. 

Бахтиёр Сайфуллаев Маданият вазирлигига билдирган эътирозида “Браво” жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров, хонанда Воҳиджон Исоқов карантинга зид тўй ўтказганини айтганди. Улар мавжуд тартибларга кўра, жаримага тортилган. Маданият вазирлиги ўз баёнотида одамлар эътибори ва назарида бўлган санъаткорларнинг масъулияти ҳақида шундай дейди: 

“Табиийки, санъат аҳли миллионлаб мухлисларнинг нигоҳида ва диққат марказида бўлади. Лекин, бу унга қандайдир имтиёз эмас, аксинча улкан жавобгарлик ва масъулият юклайди. Маданият вазирлиги соҳа вакилларидан ўз ҳаёт ва фаолиятларида ушбу мезонга амал қилишларини сўрайди. Ўз навбатида, масъул идораларни белгиланган меъёрларни бузган санъаткорларнинг жавобгарликларини таъминлаш учун қонуний чоралар кўришга чақиради. Зеро, қонун барчага баробар!”


Мақола муаллифи

Теглар

Маданият вазирлиги тўй

Баҳолаганлар

278

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг