Маъруфхўжаев Ўзбекистон делегациясига навбатдаги олтинни келтирди
Спорт
−
27 Октябрь 2023
5892Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтаётган VI ёзги Пара Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар яна 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медални жамоа ҳисобига қўшиб қўйди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Шахзод Шукуров хабар берди.
Унинг маълум қилишича, бугун, 27 октябрь куни пара енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида F37 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Ўзбекистон вакиллари – Қудратуллахон Маъруфхўжаев олтин, Толибжон Йўлдашев кумуш медалга сазовор бўлган.
Шунингдек, пара пауэрлифтинг бўйича эркаклар ўртасида -97 кг вазн тоифасидаги Фарҳод Умрзоқов 228 кг натижа билан 2-ўринни эгаллаган ҳолда кумуш медални қўлга киритган. Пара енгил атлетиканинг аёллар ўртасида F11 классида диск улоқтириш баҳсларида иштирок этган Шаҳноза Адҳамова эса 27.08 метр натижа билан бронза медали соҳиби бўлган.
Бундан ташқари пара сузиш бўйича эркаклар ўртасида S13 классида 200 метрга индивидуал комплекс усулда сузиш баҳсларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи Фирдавсбек Мусабеков бронза медалига эга чиққан.
Маълумот учун, ҳозирда делегация ҳисобида жами 69 та медаль (23 та олтин, 22 та кумуш, 24 та бронза) бор. Айни пайтда Ўзбекистон медаллар жамғариш бўйича рейтингнинг 8-поғонасини эгаллаб турибди.
LiveБарчаси