Маҳрез терма жамоадаги фаолиятини якунлади

Спорт

image

Жазоир миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси ва сардори Риёд Маҳрез 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан чиқиб кетилганидан сўнг миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Бу ҳақда футболчининг сўзларига таяниб, “beIN SPORTS” нашри хабар берди.

Бугун, 3 июль куни Жаҳон чемпионати 1/16 финал босқичида Жазоир Швейцарияга 2:0 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди. 35 ёшли Маҳрез учрашувни асосий таркибда бошлаб, 71 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.

“Мен миллий терма жамоадаги сўнгги ўйинимни ўтказдим. Бу биз ғалаба қозонишимиз мумкин бўлган учрашув эди. Аммо хатоларимиз туфайли иккита гол ўтказиб юбордик”, дейди футболчи.

Маҳрез 2014 йилдан буён Жазоир миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган. Шу вақт мобайнида у 119 та учрашувда майдонга тушиб, 40 та гол урган ва 45 та голли узатмани амалга оширган. Шунингдек, у 2019 йилда терма жамоа билан Африка Миллатлар кубогида ғолиб чиққан.

Клублар миқёсида Маҳрез Англия Премьер-лигасидаги фаолияти билан танилган. У 2015-2016 йилги мавсумда “Лестер Сити” билан Англия чемпиони бўлган. Айни вақтда Маҳрез Саудия Арабистонининг “Ал-Аҳли” клубида тўп сурмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг