Маҳкумлар ва педагогларнинг ҳуқуқлари кенгайтирилади

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 апрелда онлайн режимида ўтказилган навбатдаги ялпи мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Депутатлар томонидан “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Ушбу лойиҳа аҳолининг даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишига, оилавий тадбиркорлик ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш, мазкур йўналишдаги ишларни такомиллаштириш ва тизимли ташкил этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектларига 3 нафаргача доимий ишчиларни ёллаш имконияти берилмоқда. Коммунал тўловлар учун тўлов аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Кун тартибида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳа кўриб чиқилди.

Маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари,  ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашда ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш мақсадида Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келди.

Муҳокамада маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлар ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, тинтув жараёнида жисмоний куч ва махсус воситаларнинг асоссиз равишда қўлланилишини тақиқлашга оид масалалар кўтарилди.

Вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловлар бекор қилинди, учрашувлар ва телефон сўзлашувлари сони оширилди. Ҳужжат депутатлар томонидан қабул қилинди.

Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Жиноят кодексининг 1863-моддасига кўра сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш бўйича жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. Рецепт бўйича дори воситаларини реализация қилиш тартибини такроран бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Шу билан бирга, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, 100 БҲМдан 300 БҲМгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини, наркотик моддаларни, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш 5 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Кучли таъсир этувчи моддаларни сақлаганлик учун 50 БҲМдан 100 БҲМгача жарима солинади. Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида болаларни тарбиялаш ва таълим бериш мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Хусусан, биринчи қисми санкциясида – 1 БҲМдан 5 БҲМгача, иккинчи қисми санкциясида 5 БҲМдан 10 БҲМгача, учинчи қисми санкциясида – 10 БҲМдан 15 БҲМгача, тўртинчи қисми санкциясида - 15 БҲМдан 25 БҲМгача миқдорда жарима солиниши белгиланмоқда.

Кодекс янги 1975-модда билан тўлдирилмоқда. Унга мувофиқ маъмурий ишларни кўриб чиқиш масаласи маъмурий судлар ваколатига тааллуқли бўлади.

“Таълим тўғрисида”ги Қонун 301-модда билан тўлдирилмоқда. Унда педагогик ходимларнинг касбий шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида эканлигини, шунингдек педагогик ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга ҳамда хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслигини белгилаш назарда тутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун педагог маҳкум

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг