Маҳалла раиси судда Тошкент шаҳар ҳокимини ютиб чиқди
Жамият 12 Июнь 19:20 8097
image

Тошкент шаҳар Чилонзор туман маъмурий суди собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг қарорини бекор қилди. 

Гап шундаки, Чилонзор туман маъмурий судига “Ҳайрабод” маҳалла фуқаролар йиғини Тошкент шаҳар ҳокимияти мансабдор шахси томонидан чиқарилган қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича шикоят-ариза билан мурожаат қилди. Суд мажлисида ўрганишлар асосида қуйидагилар аниқланган:

“Ҳайрабод” маҳалла фуқаролар йиғини 50 йилдан буён ҳудуддаги 3-тор Ҳайрабод кўчаси, 13-манзилда жойлашган “Оталар чойхонаси” биносидан фойдаланиб келган. Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва мулк кадастри хизмати давлат корхонасининг архив ҳужжатларига кўра 995 кв метр майдонида жойлашган бинонинг 555кв метр қисми “Ҳайрабод” МФЙ номига кадастр ҳужжатлари билан расмийлаштирилган.

Бироқ 23.05.2017 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг 630-сонли қарори асосида ушбу бинонинг ҳуқуқий ҳолати аниқланмасдан, ўрнатилган тартибда эгасиз деб топилиб, давлат тасарруфига қабул қилинмасдан қонунга зид равишда “XALOL SUT MAZASI” МЧЖга ажратиб берилган. 

Суд қонун талаблари ва аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, “Ҳайрабод” маҳалла фуқаролар йиғинининг шикоят-аризасини асосли, деб ҳисоблади ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг юқорида қайд этилган қарорини ҳақиқий эмас деб топди. 

Раҳмонбек Усмонов ва у билан бир даврда фаолият юритган айрим туман ҳокимларининг адолатсиз, кўзбўямачилик асосида қабул қилган қарорлари талайгина. Собиқ Юнусобод тумани ҳоким Абдусаматовнинг қарорига ишониб, чув тушганлардан бири тадбиркор Мамлакат Азимова. Ўшанда бу ишларга Раҳмонбек Усмонов бош-қош бўлгани иддао қилинади. Ушбу воқеани батафсил бу ерда ўқишингиз мумкин.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 140
Рейтинг: 3.1