Лукашенконинг танқидчиси тергов ҳибсхонасида вафот этди
Олам
−
11 Апрель
7270Жорий йилнинг 9 апрель куни захирадаги подполковник, сиёсий маҳбус ва тадбиркор Александр Кулинич Беларуснинг Брест шаҳридаги тергов ҳибсхонасида вафот этди. Бу ҳақда “Зеркало” хабар берди.
Беларусь Олий суди веб сайтида ёзилишича, Кулинич 16 апрелда Жиноят кодексининг 368-моддаси 1-қисми ("Беларусь Республикаси Президентини ҳақорат қилиш") бўйича судга тортилиши керак эди. Маҳбус суд жараёнига 1 ҳафта, 52 ёшга тўлишига эса 2 кун қолганида юрак ишемик касаллигидан вафот этган.
Аниқланишича, Кулинич 29 февраль куни Брестда Александр Лукашенкони ҳақорат қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган. Шунингдек, у Украинага қарши ҳарбий тажовузга, хусусан, Беларуснинг унда иштирок этишига қарши чиққани ва Украина Қуролли кучлари томонида жанг қилаётган кўнгиллиларни қўллаб-қувватлагани таъкидланган.
“Sota” Telegram-каналининг ёзишича, 2020 йил Беларусда оммавий қатағонлар бошланганидан бери мамлакат қамоқхоналарида камида 9 нафар сиёсий маҳбус вафот этган, Кулинич эса уларнинг ўнинчиси бўлди.
Хабарларга кўра, Александр Кулиничнинг жасади аллақачон қариндошларига топширилган. У бугун, 11 апрель – туғилган кунида Молодечнода дафн этилади.
Маълумот учун, Александр Кулинич 1972 йил 11 апрелда Беларуснинг Молодечно шаҳрида дунёга келган. У Брест ҳаво-десант кучлари бригадасида хизмат қилган. Кулинич озуқавий қўшимчалар билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳам фаолият олиб борган.
Комила Латипова
LiveБарчаси