Лукашенконинг ашаддий душмани Светлана Тихановскаянинг эри 18 йилга қамалди
Олам
−
15 Декабрь 2021
8424Беларусда Александр Лукашенкога қарши оммавий норозилик намойишларини уюштирган мухолифат етакчиси 18 йилга қамалди. Маҳаллий матбуотга кўра, 2020 йилги президентлик сайловида мухолифат ўлароқ ўз номзодини қўйган Алексадр Тихановский умрининг 18 йилини қаттиқ тартибли қўриқланадиган қамоқхонада ўтказади.
"Советская Беларусь" давлат газетасининг хабар беришича, Тихановский билан бирга судланган яна беш мухолифатчи 14 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Улар орасида 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган фахрий мухолиф сиёсатчи Микола Статкевич ҳам бор.
Александр Тихановскийнинг хотини Светлана Тихановская кеча, 14 декабрь куни BBC нашрига берган интервьюсида суд чиқарган якуний қарорнинг адолатли эканига шубҳаси борлигини билдирган. У, суд чиқарган қарорни Лукашенконинг “шахсий қасоси” дея атаган.
2020 йилги сайловларда эри ҳибсга олинганидан сўнг, Светлана эрининг Лукашенкога қарши ҳаракатларини давом эттириб, сайловда унга қарши номзод сифатида иштирок этганди. Тихановская сайловда катта фарқ билан Лукашенко устидан ғалаба қозонганини таъкидлайди. Унга кўра, сайлов комиссияси овозларни сохталаштириш асносида Лукашенконинг ғалабасини эълон қилган.
Тихановская 2020 йил август ойида ҳукумат томонидан бўладиган босимлардан қўрқиб, мамлакатни тарк этган. Ҳозирда у Литвадан бошпана топган.
"Ёпиқ маҳкамаларда сиёсий маҳбусларни яширар экан, у қатағонларни жимгина давом эттиришга умид қилмоқда. Аммо бутун дунё кузатиб турибди. Биз тўхтамаймиз", дея твит қолдирди Светлана ўз саҳифасида.
Асли касби ўқитувчи бўлган 39 ёшли Тихановская, Беларусда сиёсий курашга кириб, демократия тарафдори бўлгунга қадар оддий уй бекаси эди.
Унинг эри, машҳур YouTube блогери, 43 ёшли Тихановский ёпиқ эшиклар ортида бир неча ой давом этган суд жараёнидан сўнг оммавий тартибсизликларни уюштирганлик, халқда сиёсатга нисбатан нафрат қўзғатиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган.
Тихановский ҳозирда Беларусь қамоқхоналарида сақланаётгани тахмин қилинган юзлаб сиёсий маҳбуслардан биридир. Улар орасида норозилик намойиши ташкилотчиси Мария Колесникова ҳам бор. У сентябрь ойида ҳокимиятни эгаллашга уринганликда айбдор деб топилиб, 11 йилга қамалганди.
Яна бир мухолифат етакчиси ва собиқ банкир Виктор Бабарико июль ойида фирибгарликда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Беларусь Президенти Александр Лукашенкога кўра, қамоққа олинганлар ҳеч қандай сиёсий маҳбуслар эмас. Улар Беларусь қонунларини бузганлари учун жавобгарликка тортилган.
Луканшенко, Колосниковани Ғарбнинг жосуси деб атаб, у қонунни бузгани учун қамалганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги Президент Александр Лукашенко 1994 йилдан буён мамлакатни бошқариб келади. 2020 йил июль ойидан бошлаб ҳукуматга қарши халқ Минск кўчаларида намойишга чиқа бошлаган. Сайлов натижалари эълон қилинганда эса ундан нозори бўлган Беларусь халқи бир неча ҳафта давомида норозилик намойишларини ўтказганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь