Лукашенко еттинчи бор президент сайловида ғолиб бўлди

Олам

image

Беларусни 30 йилдан бери бошқараётган Александр Лукашенко еттинчи муддатга қайта сайланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раҳбари Игор Карпенко маълум қилди.

Унга кўра, сайловчиларнинг 86,82 фоиз қисми Лукашенкони қўллаб овоз берган. Лукашенко эрталаб ўзи овоз берганидан сўнг, 4,5 соат давом этган матбуот анжумани ўтказди. У бу анжуманда ўз ворисини танлаш масаласини ҳозирча кўриб чиқмаётганини таъкидлади.

“Биз ҳозирча ушбу сайловлар билан яшаяпмиз. Сайловлардан кейин бу ҳақда ўйлаймиз”, деди у.

Кеча, 26 январь куни бўлиб ўтган Беларусь президенти сайловларида Лукашенкодан ташқари яна тўрт номзод қатнашди:

  • Олег Гайдукевич – Либерал-демократик партия (ЛДП) етакчиси ва парламент қуйи палатаси депутати. Овозларнинг 2,02 фоиз қисмини олди.
  • Анна Канопацкая – тадбиркор ва 2016–2019 йилларда парламент депутати бўлган. 2020 йилги президентлик сайловида ҳам қатнашган. Овозларнинг 1,86 фоиз қисмини олди.
  • Сергей Сиранков – 2024 йил май ойидан Компартиянинг Марказий қўмитаси биринчи котиби. Овозларнинг 3,21 фоиз қисмини қўлга киритди.
  • Александр Хижняк – Меҳнат ва адолат республика партияси раиси ва Минск шаҳар депутатлар кенгаши аъзоси. У 1,74 фоиз овоз олди.

Шунингдек, 3,6 фоиз сайловчилар “ҳаммага қарши” овоз берган.

Маълумот учун, 2020 йилда Беларусда президентлик сайловларидан сўнг кўп кунлик норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди. Уларнинг иштирокчилари Александр Лукашенконинг ғалабасини тан олишни рад этган. Ушбу сайловларда бир қатор мухолифат вакиллари иштирок этишга уриниб кўрган, аммо уларнинг баъзилари сайловолди жараёнларидан четлатилган ёки қамоққа олинган. Масалан, Сергей Тихановский – блогер ва президентликка номзод. Сайлов олдидан қамоққа олинган ва 2021 йилда 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Виктор Бабарико – банкир, сайловда қатнашиш учун ариза топширган, бироқ рўйхатдан ўтказилмаган. 2021 йилда молиявий жиноятларда айбланиб, 14 йилга қамалган. Валерий Цепкало – тадбиркор ва юқори технологиялар паркининг собиқ раҳбари. Унга қидирув эълон қилингандан сўнг Беларусни тарк этган ва сиртдан 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

2020 йилги сайловларда Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Лукашенко 80,1 фоиз овоз билан ғолиб бўлган, мухолифат номзоди Светлана Тихановская эса 10,12 фоиз овоз олган. Сайловдан сўнг Тихановская Беларусни тарк этган ва хорижда сиёсий фаолиятини давом эттирган. У 2023 йилда сиртдан 15 йилга қамалган.

2022 йилда Беларусда Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказилди. Ушбу ўзгаришларга кўра, президент кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимни эгаллай олмайди, президент лавозимидан кетганидан кейин жавобгарликка тортилмайди, барча Беларусь халқ йиғини (ВНС) конституцион орган мақомини олди. 2024 йилда Беларусда парламент сайловлари, минтақавий кенгашларга ва ВНС делегатларига сайловлар ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 январь куни Беларусда президентлик сайловлари бошлангани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Александр Лукашенко Беларус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг