Лукашенко Россиядан Беларусь ҳимояси учун кафолат сўради

Олам

image

Кеча, 10 апрель куни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди ва учрашувда Минск республикага ҳужум уюштирилган тақдирда хавфсизлик кафолатларига муҳтож эканини айтди. Бу ҳақда “БелТа” хабар берди.

Лукашенко бу масалани Россия Президенти Владимир Путин билан муҳокама қилганини таъкидлаган. Путин эса уни ҳамма йўналишда қўллаб-қувватлаб, икки томонлама битимларни қайта кўриб чиқиш ва Беларуснинг тўлиқ хавфсизлигини таъминлаш учун давлатлараро характердаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишни таклиф қилган.

“Умуман олганда, музокараларда шундай янградики, агар Беларусга тажовуз бўлса, Россия Федерацияси Беларусни ўз ҳудуди сифатида ҳимоя қилади. Бизга айнан шундай хавфсизлик кафолатлари керак”, дейди Лукашенко.

Беларусь етакчисининг фикрича, Ғарб давлатлари Будапешт меморандуми бўйича тузилган шартнома ва келишувларни поймол қилгани ортидан ҳеч қандай хавфсизлик кафолати қолмаган. 

“Мен иқтисодий хавфсизликни ҳам назарда тутдим. Хўш, бизга, Россияга қарши санкциялар қўйишса, қандай иқтисодий хавфсизлик бўлиши мумкин?” деган Лукашенко.

Шунингдек, у Минск ва Москва Беларуснинг тўлиқ хавфсизлиги учун хавфсизлик шартномаларини таҳлил қилиши ёки янгисини қабул қилиши керак эканини қўшимча қилган. Минскдаги музокаралар доирасида Александр Лукашенко ва Сергей Шойгу Беларусда жойлашган Россия-Беларусь қўшма қўшинлари гуруҳининг жанговар тайёргарлиги билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилган.

Маълумот учун, Будапешт меморандуми Украинанинг Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилиши муносабати билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги давлатлараро ҳужжатдир. У 1994 йил 5 декабрда Украина, Россия, Буюк Британия ва АҚШ раҳбарлари томонидан имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни Лукашенко Москвада Путин билан учрашиб, Ғарб томонидан Россия ва Беларусга қарши эълон қилинган санкциялар масаласини муҳокама қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Беларусь Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг