Лукашенко Раисийнинг ўлимида АҚШни айблади
Олам
−
25 Май
8633Иброҳим Раисийнинг ўлимида АҚШ айбдор. Чунки Қўшма Штатларнинг Эронга қарши санкциялар сиёсати Раисийнинг вертолётига хизмат кўрсатишни тақиқлаган. Бу ҳақда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко кеча, 24 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўз очди.
“Президент сифатида эмас, шахс сифатида шуни айтаманки, Қўшма Штатларнинг қабиҳ, жирканч позицияси бунга олиб келди. Мен биринчи навбатда санкцияларни назарда тутяпман. Бу ярамаслар одамларни ташийдиган кемалар, самолётлар, вертолётларга қарши санкциялар қўллашга ҳақлари йўқ эди”, дейди Лукашенко.
Унинг қайд этишича, Вашингтон ўз компанияларига санкциялар остидаги мамлакатларнинг техникаларига хизмат кўрсатишни тақиқлаб қўйган.
“Бу ҳам уларнинг айби”, деб ҳисоблайди Беларусь фуқароси.
Лукашенко АҚШ унинг самолётига ҳам санкциялар киритганини эслатди.
“Уларнинг ҳаммаси имонлилардир. Хўш, агар улар диндор бўлсалар, кутишсин. Худо уларга жавоб юборади. Мен тасаввуфчи эмасман, лекин вақти келади, бунинг учун ҳаммаси жавоб беради, тўлиқ жавоб берадилар, у ерда океан орқасига яширинмайдилар”, дейди Лукашенко.
Лукашенконинг таъкидлашича, Раисий оддий, меҳрибон инсон бўлиб, очиқ, ҳалол мулоқот ўтказган, ўз давлатини ривожлантириш ва ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида қайғурган.
“Менимча, Эрон у ерда нима бўлганини аниқлай оладиган давлат”, дея қўшимча қилди Лукашенко.
Раисий ва АҚШ вертолёти
Экспертларнинг фикрича, Эрон Президенти учган ва ҳалокатга учраган Bell-212 ишончли, аммо эски вертолёт бўлган. Унинг қийин об-ҳаво шароитида тўсиқларни аниқлай оладиган радари ҳам бўлмаган. Агар вертолётда шундай радар бўлса, у тўсиқни кўриб, унинг атрофидан учиб ўтарди.
Яна шубҳали томони шундаки, Президент Раисий одатда Россиянинг Ми-171 вертолётида учган (Ми-8 нинг янги двигателлар ва электрон жиҳозлар билан модификацияси). Нега бу сафар Bell-212 да сафарга чиққани сабаблари номаълум.
Россияда хизмат кўрсатган учувчи Вадим Базикиннинг фикрича, Bell-212 эски, аммо ишончли вертолёт бўлиб, у ҳар қандай об-ҳавода уча олади.
“Бундай вертолётларни олий мансабдор шахсларни ташиш учун олишга ким қарор қилганини билмайман, лекин Президент ҳар доим биринчи тоифали эҳтиёт қисмлар билан учади, капитал таъмирдан кейин унинг двигателлари йўқ. Ҳамма нарса янги ўрнатилиши керак. Эрон узоқ вақтдан бери санкцияларга дош беришни ва ҳамма нарсани ишончли бажаришни ўрганган, учувчиларимиз Эронда ишлаган, у ерда авиация хавфсизлиги тизими аъло даражада”, дейди Вадим Базикин.
Базикиннинг фикрича, Эрон Президенти вертолётининг ҳалокатига инсон омили, учувчи хатоси сабаб бўлган. Унинг сўзларига кўра, вертолёт ҳар қандай об-ҳавода аэропортга қўна олади ва учувчи жуда юқори малакага эга бўлиши шарт эмас, чунки бу ҳолатда автоматлаштириш ишлайди.
1979 йил бошида Ислом инқилобидан олдин бир неча ўнлаб Bell 206, 212 ва 214 моделидаги вертолётларнинг энг йирик мижозларидан бири Эрон бўлган. Эронга етказиб берилган Bell-212 вертолётларининг бир қисми Италиянинг Agusta компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Эронда эса 1979 йилдан кейин ишлаб чиқарилган Америка вертолётлари йўқлиги айтилади. Шундан келиб чиқилса, мамлакатнинг энг мартабали шахси 45 йиллик вертолётга ўтирган ё ўтказилган. 45 йил эса вертолётлар хавфсизлиги учун узоқ муддат.