Лукашенко Путинга қора чамадонда нима олиб борди?

Олам

image

Беларусь Президенти Александр Лукашенко Россия Президенти Владимир Путин билан Сочида бўлиб ўтган учрашувга қора чамадон олиб борганди. Унинг ичида Беларусь махсус хизматлари томонидан тайёрланган таҳлилий материаллар бўлган. Бу ҳақда Лукашенко бугун, 1 июнь куни Минскда бўлиб ўтган Россия билан ҳамкорлик бўйича йиғилишда айтиб ўтди.

“Агар биз ушбу чамадондаги барча ҳужжатларни эфирда кўрсатганимизда, эҳтимол жуда кўп суҳбатлар ва муҳокамаларга сабаб бўлар эди”, дейди у.

Лукашенконинг сўзларига кўра, томонлардан бирига тегишли у-бу масала кўтарилган вақтларда, Президентлар ўртасида бундай таҳлилий материаллар билан ўзаро алмашиш амалиёти анчадан бери ишлаб келмоқда.

Таъкидланишича, ушбу ҳужжатлар Беларусь ва Россия атрофидаги вазиятга, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқаларнинг Хитойга нисбатан муносабатига алоқадор.

“Бу бизнинг бўлимларимиз, махсус хизматларимнинг таҳлилий материали эди ва мен буни Президент Путинга анчадан бери кўрсатмоқчи эдим”, дея қўшимча қилди Беларусь давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Беларусь Президенти 28 май куни Сочига ташриф буюриб, 3 кун Президент Путин ҳузурида бўлди. Бу вақт давомида улар ёпиқ эшиклар ортида бир қатор масалалар юзасида соатлаб суҳбатлашди. ОАВга эълон қилинган маълумотларга кўра, улар ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва пандемияга қарши кураш, Россия томонидан яқин кунларда Беларусга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим қилиниши ҳамда 23 май куни Минскга қўндирилган Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти хусусида гаплашган.

Лукашенконинг Сочига ташрифи чоғида соатлаб давом этган музокаралардан ташқари икки давлат раҳбари ўртасида норасмий учрашув ҳам бўлиб ўтди. Тафсилотларга келадиган бўлсак, улар 54 метрли “Чайка” яхтасида Қора денгизида саёҳат қилган. Қайд этиш керакки, Лукашенкога кенжа ўғли Николай ҳамроҳлик қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

239

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг