Лукашенко Путин билан учрашиш учун шошилинч равишда Петербургга учиб келди

Олам 5811
image
-

Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь Президенти Александр Лукашенко бугун, 13 июль куни Санкт-Петербургда учрашади. Бу ҳақда Беларусь раҳбарининг расмий сайтида хабар берилган.  

“Давлат раҳбарлари турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, халқаро масалаларни муҳокама қилади”, дейилган хабарда. 

Беларусь раҳбарининг матбуот хизматига кўра, ушбу ташриф давлат раҳбарларининг долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун мунтазам равишда шахсий учрашувларни ўтказиш амалиётини давом эттиради. 

Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган.

“Бугун Санкт-Петербургда Путин ва Лукашенко ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтади”, деган Песков.

Эслатиб ўтамиз, Путин ва Лукашенко охирги марта жорий йилнинг май ойи охирида кўришган. Беларусь Президенти 28 май куни Сочига ташриф буюриб, 3 кун Президент Путин ҳузурида бўлди. Бу вақт давомида улар ёпиқ эшиклар ортида бир қатор масалалар юзасида соатлаб суҳбатлашди. ОАВга эълон қилинган маълумотларга кўра, улар ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш ва пандемияга қарши кураш, Россия томонидан Беларусга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит тақдим қилиниши ҳамда 23 май куни Минскга қўндирилган Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти хусусида гаплашган. 

Лукашенконинг Сочига ташрифи чоғида соатлаб давом этган музокаралардан ташқари икки давлат раҳбари ўртасида норасмий учрашув ҳам бўлиб ўтди. Тафсилотларга келадиган бўлсак, улар 54 метрли “Чайка” яхтасида Қора денгизда саёҳат қилган. Қайд этиш керакки, Лукашенкога кенжа ўғли Николай ҳамроҳлик қилган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 154
Рейтинг: 3
t
×