Лукашенко ниятига етди. Беларусь Конституциясига ўзгартиришлар киритилди

Олам 7506
image

Беларусда Александр Лукашенко Мустақиллик саройидаги тантанали маросимда “республика референдуми қарори”ни имзолади. Янги Конституция жорий йилнинг 15 мартидан кучга киради.  

МСК маълумотларига кўра, референдумда қатнашган сайловчиларнинг 65,16 фоизи (4 миллион 440 минг 830 киши) Беларусь Конституциясига ўзгартириш киритишни қўллаб-қувватлаган. 

Сайловчиларнинг 10,07 фоизи (686 165 киши) қарши овоз берган. МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 78,63 фоизи қатнашган. 

Янги Конституция лойиҳаси расмийлар томонидан ўтган йилнинг декабрь ойи охирида эълон қилинган. Асосий ўзгаришлар бетарафликни рад этиш ва Президентни ушбу лавозимда содир этилган ҳар қандай ҳаракатлар учун жавобгарликдан озод қилиш эди. 

Овоз бериш куни сайлов участкаларида навбатлар ва “Уруш йўқ!” деб ҳайқираётган одамлар акс этган видеолавҳалар тарқалган. “Қўлга олинганлар рўйхати” Telegram каналида митингларда қўлга олинган 525 кишининг исм-шарифлари эълон қилинган.

Маълумот ўрнида, янги ҳужжатда 83 та модда ўзгартирилган ва тўлдирилган. Унда “Халқ ҳокимиятининг олий вакиллик органи" сифатида Бутун Беларусь Халқ Ассамблеяси (ББХА)га бағишланган 11 та янги модда ва битта янги боб, унинг мақоми ва ваколатлари пайдо бўлди.

Бу Александр Лукашенко ташаббуси билан ўтказилаётган тўртинчи референдумдир. Олдинги барча – 1995, 1996 ва 2004 йиллардаги референдумлар президент ваколатларининг кенгайиши ва мустаҳкамланишига олиб келди, овоз бериш ва натижалар Беларусь жамоатчилиги ва халқаро кузатувчилар томонидан тан олинмаган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 328
Рейтинг: 2.9
t
×