Лукашенко Мирзиёевни референдум муваффақиятли ўтказилгани билан қутлади
Жамият
−
04 Май 2023
2720Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 май куни беларуслик мавқедоши Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди. Лукашенко Ўзбекистон Президентини жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президентлар қўшма кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш ва савдо муносабатларининг суръатини таъминлаш масалалари кўриб чиққан. Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этилган.
Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида бир қатор икки томонлама тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони ошмоқда.
Қабул қилинган “йўл харитаси” асосида машинасозлик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электротехника ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Уларни жадаллаштириш учун Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш ва фаол ҳудудлараро алмашинувларни давом эттириш муҳим экани таъкидланган.